15:36 / 08.04.2023
7910

Хитой Тайван атрофида машғулотлар ўтказмоқда

Хитой қуролли кучларининг «Қўшма ўткир қилич» машқлари уч кун давом этади. Уларнинг фонида Тайван маъмурияти раҳбари АҚШ билан ҳамкорликни давом эттиришни тасдиқлади.

Фото: US Navy

Хитой қуролли кучлари Тайван ороли атрофидаги денгизда уч кунлик «Қўшма ўткир қилич» ҳарбий машғулотларини бошлади. Бу ҳақда 8 апрель, шанба куни Хитой Халқ-озодлик армияси жанговар қўмондонлигининг Шарқий зонасида маълум қилинди.

Пекин «Тайван бўғозининг денгиз ҳудудлари ва ҳаво ҳудудига, оролнинг шимолий ва жанубий қирғоқлари яқинига, шунингдек, оролнинг шарқий қисмига» самолётлар, кемалар ва ходимларни юбормоқда», — деди Халқ-озодлик армияси вакили.

«Тезкор гуруҳ бир вақтнинг ўзида Тайван ороли бўйлаб патруль ва қўриқлашни ташкил қилади, кенг қамровли қуршов ва тўсиқ позициясини шакллантиради», дея маълум қилди кейинроқ CCTV давлат телерадиокомпанияси. 

Хитой «узоқ масофага учувчи ракета артиллерияси, денгиз эсминецлари, ракета катерлари, ҳаво кучлари қирувчи самолётлари, бомбардимончи самолётлар, радио-алоқага қарши чоралар ва танкерларни» жойлаштиради», — дейилади хабарда. 

Пекин бу манёврларни Тайван расмийларига «қаттиқ огоҳлантириш» деб атади. 

Айни пайтда, Тайван маъмурияти бошлиғи Цай Инвэн машғулотлар фонида Вашингтон билан ҳамкорлик давом этишини тасдиқлади. Тайван «эркинлик ва демократия қадриятларини биргаликда қўллаб-қувватлаш учун АҚШ ва бошқа ҳамфикр давлатлар билан ишлашда давом этади», деди Цай Тайпейда АҚШ Конгресси юқори мартабали расмийлари билан учрашувда. 

Top