Ўзбекистон | 16:56 / 11.04.2023
4277
2 дақиқада ўқилади

Ёшларни ишга қабул қилиш тизими қайта кўриб чиқилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтяпти

Йиғилишда маълум қилинишича, ёшларни ишга қабул қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади. 

Ўтган йили 11 та давлат олийгоҳининг 11 мингдан зиёд битирувчиларидан 6,5 минг нафари ишга жойлашмаган. Ёки грантда ўқиган 3 минг талаба ҳам ишга кирмаган. Профессионал таълимда ўтган йили коллеж ва техникумларни 143 минг нафар ёшлар битирган бўлса, шундан 30 минг нафари иш топа олмаган.

Шу муносабат билан бундан буён ҳар бир вазир тармоғидаги касбларга малака талабини ўзи белгилаши, бунда 70 фоиз касбларга ўрта махсус, 30 фоизига олий маълумот талаб этиладиган тизим бўлиши таъкидланди.

Шунингдек, вазирликлар олийгоҳ ва коллеж-техникумларга буюртма бериш билан бирга уларнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади.

Ҳар бир вазир ва вилоят ҳокими йил бошида ўзининг Ёшлар бандлиги дастурларини ишлаб чиқиб, аҳолига эълон қилиши ва йил якунида натижалари бўйича жамоатчиликка ҳисобот бериши белгиланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид