Ўзбекистон | 14:08 / 13.04.2023
10196
2 дақиқада ўқилади

38 та Янги Ўзбекистон массивида 31 мингта квартира қурилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон президенти “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар беряпти.

“Янги Ўзбекистон” ва бошқа давлат дастурлари доирасида қурилган массивларнинг бўш ерларида кўп қаватли уй-жойлар қуришни давом эттириш ва 2023 йилда қуриш ҳажмларини 90 мингтага етказиш таклиф этилмоқда. 

Бунда:

38 та Янги Ўзбекистон массивларида 31 мингта, бошқа давлат дастурларидаги массивларда 8 мингта, хусусий пудрат ташкилотлари ҳисобидан 51 мингта квартиралар қурилиши белгиланмоқда;

Янги Ўзбекистон массивларини кенгайтириш ҳамда 9 та янги массивларни ташкил қилиш учун 140 га қишлоқ хўжалиги ерларининг тоифаси ўзгартирилмоқда ва ҳокимлар зиммасига ажратиладиган ерларнинг 5 баравари миқдорида янги ерларни ўзлаштириш вазифаси юкланмоқда;

массивларнинг ички йўлларини қуриш Автомобиль йўллари қўмитаси зиммасига юкланмоқда;

темир-бетон корхоналарида замонавий лабораториялар ташкил этилиши ва бунинг учун “Саноат қурилиш банк” томонидан 10 млн доллар кредит линияси ажратилиши белгиланмоқда;

Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, қурилиш, адлия, иқтисодиёт ва молия идоралари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан “Реновация тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланмоқда;

ҳудудларда сув, оқова, электр, газ, йўл инфратузилмасини яхшилашга инвестор-девелоперларни жалб қилиш, шунингдек, сейсмик хавфсизлик ва қурилишда назоратни кучайтириш бўйича алоҳида қарор лойиҳалари ишлаб чиқилиши назарда тутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид