Жаҳон | 10:30 / 13.04.2023
9060
3 дақиқада ўқилади

Ўн минглаб россияликлар электрон чақирув қоғозига қарши петицияни имзолади

Самаралик журналист Change.org сайтида электрон чақирув қоғозларини бекор қилишга чақирувчи петицияни эълон қилди. У уни «ҳуқуқ ва эркинликларимизни суиистеъмол қилиш» деб атади.

Фото: Sergei Malgavko/Tass/IMAGO

Самаралик журналист Сергей Подситник 12 апрель, чоршанба куни Change.org веб-сайтида Давлат думаси ва Федерация кенгаши томонидан бир кун аввал қабул қилинган, армияга электрон чақирув қоғозларини жорий этишни назарда тутувчи тузатишларни бекор қилишга чақирувчи петиция жойлаштирди.

«Ушбу ўзгартиришлар бизнинг ҳуқуқларимизни бузади. Фуқаро ўз ҳуқуқларидан суд қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Энди бу ҳуқуқ ҳарбий комиссарларга берилди», - дейилади мурожаатномада. Подситник эътиборни россияликларга чақирув қоғозларини топшириш режалаштирилган «Госуслуги» хизматида бир қатор заифликлар мавжудлигига қаратди, бундан ташқари, мамлакатнинг барча аҳолиси ҳам ушбу хизматдаги аккаунтларига кириш имконига эга эмас, 30 ёшдан ошган русларнинг деярли 30 фоизи фаол интернет фойдаланувчилари ҳисобланмайди.

Қабул қилинган ўзгартиришларга кўра, агар чақирилувчи қоғоз кўринишидаги чақирув қоғозини олмаган бўлса ва «Госуслуги»даги ўз аккаунтига кирмаган бўлса ҳам, чақирув қоғози чақирув қоғозлари рўйхатида пайдо бўлган кундан бошлаб етти кун ўтгач топширилган деб ҳисобланади. Шунда фуқарога мамлакатдан чиқиш тақиқланади. 20 кундан кейин эса янги тақиқлар жорий этилади – ҳарбий комиссарликка келмаганлар якка тартибдаги тадбиркор бўлиш, кўчмас мулкни бошқариш, автомобиль ҳайдаш ва кредит олиш имкониятидан маҳрум этилади.

Россия Мудофаа вазирлиги 18 ёшга тўлган мактаб битирувчилари билан шартномалар тузиши мумкин бўлади. Электрон чақирув қоғозларини жорий этиш билан бирга, Давлат думаси 11 апрель куни бунинг учун мавжуд бўлган чекловларни олиб ташлади. Депутатлар «Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонуннинг ҳарбий шартнома тузиш қоидаларини белгилаб берувчи 34-моддасига киритилган ўзгартиришларни маъқуллади. Ҳужжат Давлат думаси сайтида эълон қилинган.

Ушбу модданинг олдинги таҳририга кўра, армия, Миллий гвардия, Ташқи разведка хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «ФСБ» ва давлат қўриқлаш органларида хизмат қилиш учун шартномани муддатли ҳарбий хизматни ўтмаган 18 ёшдан ошган, ўрта махсус таълим муассасасини тамомлаган шахс ҳам тузиши мумкин эди. Эндиликда «ўрта махсус таълим олган» фуқаролар ҳақидаги ибора қонундан олиб ташланди.

Давлат думаси Мудофаа қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов ўтган ёзда шундай тузатишни қабул қилишни таклиф этганди. Бироқ, эълон қилинганидан сўнг, у кўриб чиқилмади ва 2022 йил октябрь ойида кучга кирган қонун версиясида йўқ эди. Бу сафар, BBC таъкидлашича, техникумни тугатмаган 18 ёшли ўсмирлар билан ҳарбий шартномалар тузиш тўғрисидаги тузатиш деярли бир овоздан маъқулланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид