Жаҳон | 13:34 / 14.04.2023
11081
2 дақиқада ўқилади

Словакия Украина ғалласини қайта ишлаш ва сотишни тақиқлади

Украинадан олинган ғалла намуналарида саломатлик учун зарарли пестицид топилди, деб хабар қилди Словакия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Фото: Shutterstock

Европа Иттифоқида рухсат этилмаган ва соғликка салбий таъсир кўрсатадиган пестицид туфайли Словакия ҳукумати мамлакатда тўпланган Украина ғалласини ва ундан тайёрланган унни қайта ишлаш ва сотишни тақиқлади. Бу ҳақда 13 апрель, пайшанба куни Словакия Қишлоқ хўжалиги ва минтақавий ривожланиш вазирлиги маълум қилди.

Унга кўра, Украинадан келтирилган 1500 тонна буғдой бўйича таҳлил ўтказилган. Братислава зудлик билан Европа Иттифоқи давлатларидаги ҳамкор қишлоқ хўжалиги органларини кимёвий бирикма мавжудлиги ҳақида хабардор қилади. Бундан ташқари, Словакияда сақланаётган Украинадан келган барча ғалла ва ун намуналари олинади.

Тақиқ қанча муддатга жорий қилингани аниқлаштирилмаган. Братислава бу қарор ҳақида Украина элчиси Мирослав Кастранни, шунингдек, Вишеград гуруҳи мамлакатлари (Словакия, Чехия, Полша ва Венгрия), Болгария ва Руминияни хабардор қилади.

Вазирлик ҳали Украина ғалласи ва дон маҳсулотларини импорт қилишни тавсия этмаяпти.

Аввалроқ, Полша бозорида арзон Украина ғалласининг ҳаддан ташқари кўплиги маҳаллий фермерлар норозилигига сабаб бўлган эди. Норозилик намойишлари остида Полша қишлоқ хўжалиги вазири Хенрик Ковалчик истеъфога чиқишга мажбур бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид