Ўзбекистон | 19:12 / 14.04.2023
22851
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорнинг 2 млн долларини ўмармоқчи бўлган йирик жиноий гуруҳ қўлга олинди

Ўн кишидан иборат жиноий гуруҳнинг бир аъзоси Тошкент шаҳрида, 9 нафари Наманганда ушланган. Уларнинг ёнидан босқинчиликда ишлатиш учун тайёрлаб қўйилган турли жиҳозлар, жумладан пичоқлар топилган. Уларнинг мақсади Наманган вилоятида йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаронинг хонадонидаги 2 млн АҚШ долларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш бўлган.

Фото: ИИВ

ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармасининг Kun.uz’га хабар беришича, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ҳамда ДХХ томонидан уюшган жиноий гуруҳ Наманган вилоятида йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаронинг яшаш хонадонидаги 2 млн АҚШ доллари миқдорида пулларни босқинчилик йўли билан қўлга киритишни режалаштираётганлиги юзасидан тезкор маълумот олинган.  

2023 йилнинг 12 апрель куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти Жиноят-қидирув хизмати Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Олмазор туманида ўтказилган тезкор тадбирда жиноий гуруҳ аъзоси, 1979 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 8 та моддаси билан судланган шахс қўлга олинган. Унинг ёнидан махсус тайёрлаб қўйилган 2 дона пичоқ, ички ишлар органлари ходимларининг дала формалари, резина қўлқоп, опий гиёҳванд моддаси, трамадол таблеткаси ва спорт сумкаси далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинган.

Шу куннинг ўзида тезкор тадбир давом эттирилиб, гуруҳнинг қолган 4 нафар аъзоси Наманган вилояти ИИБ Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан ушланган. Уларнинг ёнидан жиноятни содир этишда фойдаланиш учун тайёрлаб қўйилган спорт кийимлари, ниқоб ва қўлқоплар, 3 дона пичоқ, электрошок қурилмаси, телефон аппаратлари, гиёҳванд моддаси ва бошқа жиҳозлар топилган.

Шунингдек, тезкор суриштирув тадбирлари давомида босқинчилик жиноятини содир этиш учун яна беш нафар шахс таклиф этилганлиги аниқланиб, улар ҳам ушланган. Қўлга олинган шахсларнинг асосий қисми муқаддам судланган шахслар ёки тадбиркор ва спортчилар бўлиб, уларнинг аксарияти “ўлжа” ҳисоблангантадбиркор билан бирга ишлаб келган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Қўлга олинган 10 нафар шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид