Жаҳон | 13:08 / 15.04.2023
8438
2 дақиқада ўқилади

Японияда бош вазир нутқи олдидан портлаш содир бўлди

Номаълум шахс Фумио Кишиданинг нутқ сўзлайдиган майдони яқинида тутунли бомба улоқтирди. Бош вазир жабрланмаган ва эвакуация қилинган.

Фото: Kyodo

15 апрель, шанба куни мамлакат ғарбидаги Вакаяма шаҳрида Япония бош вазири Фумио Кишиданинг нутқ сўзлаш жойи яқинида кучли портлаш содир бўлди. Япония матбуоти хабарларига кўра, Кишида нутқидан олдин номаълум шахс тутунли бомба ёки машъалга ўхшаган буюмни улоқтирган, кейин эса портлаш содир бўлган.

Ҳодиса вақтида ҳукумат раҳбари парламент қуйи палатасига қўшимча сайловда ҳукмрон Либерал-демократик партиядан номзод билан суҳбатлашаётган эди. Кишида эвакуация қилинган ва Вакаяма полиция бўлимига олиб кетилган, у хавф остида эмас. Буюмни улоқтирганидан кейин ҳужумчи портлаш содир бўлишидан олдин хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Кишида билан тадбирга бир неча юз киши йиғилди. Ҳодисадан бироз вақт ўтгач, Фумио Кишида режалаштирилган нутқ сўзлаш учун полиция бўлимини тарк этди. У портлаш оқибатида юзага келган безовталик учун маҳаллий аҳолидан узр сўради. «Бўлган воқеа сизни жуда кўп ташвиш ва ноқулайликларга олиб келди, сиздан кечирим сўрайман», — дея бош вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган Kyodo агентлиги.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид