Жаҳон | 08:10 / 17.04.2023
11919
2 дақиқада ўқилади

Эронда «Украина ҳаво йўллари» самолёти ҳалокати иши бўйича ҳукм чиқарилди

Уриб туширилган Украинанинг Boeing'и бўйича 10 нафар эронлик ҳарбий айбдор деб топилди, улар бир йилдан 13 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Уриб туширилган Boeing 737-800 қолдиқлари / Фото: Reuters

Эрон суди 2020 йил январида Украинанинг Boeing 737-800 йўловчи лайнери ҳалокатида иштирок этган 10 нафар ҳарбий хизматчини турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда 16 апрель, якшанба куни Эроннинг Mizan Online суд сайти маълум қилди.

Унга кўра, иш бўйича асосий айбланувчи, «Тор-М1» зенит-ракета мажмуаси оператори жами 13 йилга озодликдан маҳрум этилган, шунингдек, у қурбонларнинг оилаларига товон тўлаши шарт. Айблов хулосасига кўра, у «буйруқларга қарши» ва рухсатсиз самолёт томон «иккита ракета отган». Шу билан бирга, таъкидланишича, оператор хатти-ҳаракатлари «вазиятдан бехабарлиги ва аниқланган нишон душман эканлиги ҳақидаги нотўғри ишончи туфайли бўлган».

Яна тўққиз нафар маҳкум бир йилдан уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Уларнинг исмлари айтилмади.

Ҳукмлар 20 та суд мажлиси ва уч йил давомида ўтказилган «батафсил тергов»дан сўнг чиқарилди. «Ушбу ишнинг кўриб чиқилиши мамлакатда сўнгги бир неча йил ичида энг муҳим, нозик ва мураккаб суд жараёнларидан бири бўлди», — дейилади хабарда.

2020 йил 8 январь куни «Украина халқаро ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг Теҳрондан Киевга учган PS752 рейси ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай уриб туширилган. Самолёт бортидаги 176 кишининг барчаси: Афғонистон, Эрон, Канада ва Украина фуқаролари, шунингдек, Буюк Британия ва Швеция фуқаролари ҳалок бўлган. Орадан бир неча кун ўтиб, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳалокат учун жавобгарликни ўз зиммасига олди ва самолёт хатолик туфайли уриб туширилганини маълум қилди.

Мавзуга оид