Жаҳон | 15:12 / 17.04.2023
6175
3 дақиқада ўқилади

Россияда мухолифатчи Владимир Кара-Мурза 25 йилга қамалди

Москва шаҳар суди Россия Қуролли кучлари ҳақидаги «фейклар», давлатга хиёнат ва «номақбул» ташкилот фаолиятида айбланиб, 2022 йил апрелидан бери қамоқда бўлган россиялик мухолифатчи ва публицист Владимир Кара-Мурзага нисбатан ҳукмни эълон қилди.

Фото: AFP

Москва шаҳар суди мухолифатчи сиёсатчи ва публицист Владимир Кара-Мурзага нисбатан айблов ҳукмини чиқарди. 17 апрель, душанба куни у 25 йилга озодликдан маҳрум этилди: 7 йил - «ҳарбий фейклар» учун, 3 йил - «номақбул» ташкилот фаолиятида иштирок этгани учун ва 18 йил - давлатга хиёнат бўйича жиноят иши юзасидан.

10 апрель куни сўнгги сўз билан чиқиш қилган Кара-Мурза «Россияни севишини» ва «ҳеч нарсадан афсусланмаслигини» айтди. «Охирги сўзда одатда оқлов ҳақида сўрашади. Жиноят қилмаган одам учун қонуний ҳукм фақат оқланиш бўларди. Лекин мен бу суддан ҳеч нарса сўрамайман. Мен ҳукмимни биламан... Бироқ шуни ҳам билингки, кун келади, юртимиз устидан зулмат тарқалади; қора ранг - қора, оқ ранг - оқ деб аталади; икки карра икки тўрт экани расмий даражада тан олинади; уруш - бу уруш экани очиқ айтилади, узурпатор эса - узурпатор экани маълум қилинади; ўшанда бу урушни тўхтатмоқчи бўлганлар эмас, балки бу урушни қўзғатганлар жиноятчилар деб тан олинади», деди у.

Владимир Кара-Мурза 2022 йил 22 апрелда Москванинг Басманний судига келтирилганди. Судья уни Россия армияси ҳақида «фейклар» тарқатганликда айблаб, тергов изоляторига жўнатди. Бунга, тахминларга кўра, сиёсатчининг 2022 йил 15 март куни Аризона штати Вакиллар палатасида Украинадаги «турар жойлар, шифохоналар ва мактабларга бомба ташланганини» тилга олган нутқи сабаб бўлган. Ҳаммаси бўлиб, Кара-Мурзага Россия Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбловлар қўйилди - Россия Қуролли кучлари ҳақида «фейк» маълумотларни тарқатиш ҳақидаги моддага қўшимча равишда, давлатга хиёнат ва «номақбул» ташкилот фаолиятига алоқадорлик тўғрисида (сиёсатчи «Открытая Россия» ҳаракатининг координатори эди). Кара-Мурзанинг ўзи қўйилган айбловларнинг бирортаси бўйича ҳам айбини тан олмади ва унга нисбатан таъқибни сиёсий мотивга эга деб атади. 

Айблов томони Кара-Мурза учун 25 йил қамоқ жазосини сўради. Унинг адвокатлари Мария Эйсмонт ва Вадим Прохоров мухолифатчини айбсиз деб билишларини айтиб, суддан уни оқлашни сўрашди. Жараён ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Ишни, бошқа нарсалар қаторида, Владимир Кара-Мурзанинг саъй-ҳаракатлари натижасида қабул қилинган «Магнитский рўйхати» бўйича санкциялар киритилган судья Сергей Подопригоров кўриб чиқди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид