Европа Иттифоқи Шимолий Кореяни ракеталар синовини тўхтатишга чақирди
Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузувчи «ноқонуний ва хавфли фаолиятини» тўхтатиши керак, деди Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел.
Европа Иттифоқи Шимолий Кореянинг «янги турдаги узоқ масофага учувчи баллистик ракетаси» сўнгги синовини кескин қоралайди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг 15 апрель куни кечқурун эълон қилинган баёнотида айтилади.
«КХДРнинг оммавий қирғин қуролларини етказиб бериш воситаларини ишлаб чиқишда давом этиш ниятини бир неча бор намойиш этиши халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солади. КХДР БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузадиган ва минтақадаги ҳарбий кескинликни кучайтирадиган барча ноқонуний ва хавфли фаолиятни тўхтатиши керак», — дейилади ҳужжатда.
Европа Иттифоқи КХДРга «БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари бўйича ўз мажбуриятларини зудлик билан бажариши ҳамда ўзининг барча ядровий қуроллари, бошқа оммавий қирғин қуроллари, баллистик ракета дастурлари ва мавжуд ядровий дастурларидан тўлиқ, тасдиқланган ва қайтариб бўлмайдиган тарзда воз кечиши ҳамда ядровий дастур билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятни тўхтатиши зарурлигини яна бир бор таъкидлади».
Баёнотда қайд этилишича, бу Корея яриморолида барқарор тинчлик ва хавфсизликка олиб борадиган ягона йўлдир. Европа Иттифоқи, шунингдек, «БМТга аъзо барча давлатлар, айниқса, БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари БМТ санкцияларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаши ва КХДРни барча асосий томонлар билан мазмунли мулоқотни тиклашга ундашини» ўта муҳим деб ҳисоблайди.
Мавзуга оид
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
22:39 / 04.11.2024
Хитой Европа Иттифоқи билан электромобиллар бўйича «савдо урушига» киришди
17:30 / 04.11.2024