Жаҳон | 21:44 / 18.04.2023
16804
2 дақиқада ўқилади

Ғарб Украинанинг қарши ҳужумига Россиянинг кескин жавобини кутмоқда – ОАВ

Ғарб давлатлари ядровий таҳдидлар ва киберҳужумларга тайёргарлик кўрмоқда. 

Фото: Getty Images

Украинанинг бўлажак ҳужумига қарши Россия ўзидаги барча воситалардан, жумладан ядровий таҳдидлар ва киберҳужумлардан фойдаланиши мумкин. Ғарб давлатлари ҳам бунга тайёрланмоқда, деб ёзди The Guardian. 

Жумладан, Британия дипломатлари G7 давлатларини Москванинг кескин чораларига тайёр бўлишга чақирмоқда. Шу кунларда Японияда «Катта еттилик» мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтяпти. 

Учрашувда G7 давлатлари вазирлари Украинадаги можарога барҳам беришнинг келажакдаги истиқболлари ҳақида «очиқ фикр алмашган». Британия томони можарони якуний ҳал этишнинг ягона йўли рус қўшинларини Донбасс ва Қрим ҳудудидан олиб чиқилиши деб ҳисоблаяпти. 

Шу билан бирга, Лондон Киевнинг фаол чақириқларига қарамай, Украинага ҳарбий ёрдамни чексиз кучайтира олмайди, деб таъкидлайди The Guardian. Буюк Британия аллақачон «қора кунга асраб қўйилган захиралардан» ёрдам ажратишни ваъда берган. 

Нашрнинг таъкидлашича, агар Ғарб таваккалга бормаса ва ҳарбий ёрдам даражасини оширмаса, Украинадаги можаро тўхтаб қолади. 

«Ҳаракатлар ҳали ҳам риторикага мос келмайди», деб ёзди The Guardian. 

Мавзуга оид