Жаҳон | 19:22 / 21.04.2023
10623
2 дақиқада ўқилади

НАТО аъзолари Украинани альянсга қабул қилинишига рози — Столтенберг

Аммо ташкилот Украинанинг аъзо бўлиши учун «йўл харитаси» ёки муддат белгиламаган.

Фото: Reuters

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ташкилотнинг барча аъзолари Украинани «охир-оқибат» альянсга аъзо бўлишига рози эканини айтди. Унинг сўзларидан Reuters иқтибос келтирди.

НАТО етакчилари 2008 йилда Украина қачонлардир альянсга қўшилиши ҳақида ваъда беришган ва Столтенберг буни 2022 йилнинг февралидан бери такрорлаб келади. Аммо ташкилот Украинанинг аъзо бўлиши учун «йўл харитаси» ёки муддат белгиламаган.

Яқинда Столтенберг Киевга ташриф буюриб, «Украинанинг қонуний ўрни Евро-Атлантика оиласида» эканини эълон қилди ва Украина президенти Володимир Зеленскийга июль ойида Вилнюсда ўтказиладиган НАТО саммитига таклифнома топширди.

Бунга жавобан Зеленский НАТО Украинага альянсга қўшилиш учун «муносиб сиёсий таклиф» юбориши кераклигини айтди. «Украина аризамиз маъқулланиши учун ҳамма нарсани қилди», деди у.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Столтенбергнинг Киевга ташрифи муносабати билан Украинанинг Шимолий Атлантика альянсига кириши мумкинлиги ҳақида шундай деди: «Кремль бундай истиқболларни баҳоламайди».

Шу билан бирга, у Украинанинг НАТОга қўшилишига йўл қўймаслик, албатта, Россиянинг Украинадаги уруши мақсадларидан бири эканини таъкидлади. «Чунки акс ҳолда бу мамлакатимиз учун, унинг хавфсизлиги учун жиддий хатар туғдиради», деб тушунтирди у.

Мавзуга оид