11:59 / 21.04.2023
14655

Тошкентда кўп йиллик дарахтлар қўпориб ташлангани айтилмоқда

Фото: Telegram / @ekologuz

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида кўп йиллик дарахтлар қўпориб ташлангани ҳақида хабар берилди. Табиат ресурслари вазирлиги пойтахт бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Telegram’даги «Экологуз» каналининг ёзишича, Экобозор томонда заправкадан кейин қурилган автомойка олдидаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланиб, айримлари илдизи билан бирга қўпориб ташланган.

Мазкур ҳолат бошқарма мутахассислари томонидан бориб ўрганилган. Унга кўра, «П.С» МЧЖ томонидан ҳудуддаги дарахтларни кўчириб ўтказишда агротехник қоидаларга риоя этилмагани аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасида (дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлаш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) белгиланган тартибдаги жазо чорасини қўллаш мақсадида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилмоқда.

Top