Жаҳон | 16:14 / 24.04.2023
3438
3 дақиқада ўқилади

Россияда ишлаган хорижий ОАВ мухбирлари Гершковични озод қилишни сўради

Журналистика жиноят эмас, дейилади Лавровга ёзилган ва 301 хорижий ОАВ мухбири имзолаган мактубда, уларнинг бир қисми совет даврида ҳам Москвада ишлаган. 

Фото: Reuters

Россияда турли вақтларда ишлаган хорижлик журналистлар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга очиқ хат йўллаб, унда The Wall Street Journal газетаси мухбири Эван Гершковичга қўйилган айбловлар олиб ташланиши ва уни зудлик билан озод қилишга чақирди. «Биз ҳамкасбимиз Эван Гершковичнинг ҳибсга олиниши ва унга қўйилган айбловлардан ҳайратда ва даҳшатдамиз», — дейилади уларнинг 24 апрель, душанба куни эълон қилинган баёнотида

Баёнот муаллифлари WSJ мухбирининг «журналист сифатидаги катта ва таъсирли тажрибасини» таъкидладилар. «Биз унинг ишининг ягона мақсади ўқувчиларни Россиядаги мавжуд воқелик ҳақида хабардор қилиш эканлигига шубҳа қилмаймиз. Маълумот қидириш, ҳатто сиёсий манфаатларга зид бўлса ҳам, Эванни жиноятчи ёки айғоқчи қилмайди, уни журналист қилади. Журналистика - жиноят эмас», деб таъкидлайди улар. Хорижлик журналистларга кўра, Гершковичнинг Россияда ҳибсга олиниши бу мамлакат расмийлари мустақил матбуотни ҳурмат қилмаслиги, шунингдек, «ёш, истеъдодли ва ҳалол журналист тақдирига бефарқлик»дан дарак берувчи «қўрқинчли ва хавфли сигналдир». 

Қўшма мактубни 22 давлатдан турли нашрларнинг 301 мухбирлари имзолаган, уларнинг барчаси Россияда, баъзилари ўнлаб йиллар, бошқалари бир неча ой ишлаган. Москвада энг узоқ вақт ишлаган журналист СССРга 1964 йилда AP агентлиги мухбири сифатида келган Фред Колмандир. Имзоловчиларнинг баъзилари Россияни бир неча ҳафта олдин тарк этган. Лавровга мурожаат қилган журналистлар орасида Германиянинг ARD телеканали мухбири Голин Атай, BBC News журналисти Орла Гуэрин, The New York Times собиқ мухбирлари Билл Келлер ва Жон Кампфнер ҳамда The New Yorker бош муҳаррири Девид Ремник бор. 

Екатеринбургда «жосуслик»да гумон қилиниб, Москвага олиб кетилган 31 ёшли Эван Гершкович 30 март куни Лефортово туман суди томонидан ҳибсга олинган - 29 майгача. 18 апрель куни Москва шаҳар суди уни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдирди. Гершкович 1986 йилдан бери Россияда ушбу айблов билан ҳибсга олинган биринчи хорижий мухбир бўлди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид