Ўзбекистон | 10:57 / 25.04.2023
56294
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ССБ бошлиғи вафот этди

44 ёшда бўлган Зафар Расулов 2020 йилдан буён вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига раҳбарлик қилиб келаётганди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш тизимида масъул лавозимларда ишлаган фидойи шифокор, ташкилотчи раҳбар Зафар Расулов 44 ёшида вафот этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

З. Расулов 1979 йил 23 октябрда Навоий вилоятида туғилган. 2003 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаб, меҳнат фаолиятини Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли тиббий санитария қисми терапевти сифатида бошлаган.

2012-2020 йилларда Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмасида бош шифокор ўринбосари, бирлашма бошлиғи, Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари каби масъул лавозимларда ишлаган. 

2020–2023 йилларда Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи сифатида самарали меҳнат қилган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги меҳнат фаолиятини тиббиёт соҳасига бахш этган жонкуяр ва ташкилотчи раҳбар Зафар Расуловнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», дейилади ССВ хабарида.

Бундан аввалроқ Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Нурали Сафоев вилоят ССБ бошлиғи этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид