Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия бундесвери Судандан эвакуация қилиш миссиясини якунлади
Германия ҳарбий-ҳаво кучлари олтита эвакуация парвозини амалга ошириб, 30 мамлакатдан бўлган 600 дан ортиқ одамни Судандан олиб чиқиб кетди.
Германия ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳарбий транспорт самолёти яна 120 га яқин одамни Судандан Иорданияга олиб кетди. Германия Мудофаа вазирлигининг 25 апрел, сешанба куни хабар беришича, бу Германия қуролли кучларининг (бундесвер) ҳарбий тўқнашувга учраган Африка давлатидан ҳозирда режалаштирилган эвакуация парвозлари охиргиси бўлди. Суданда бўлган ва аэропортга етиб бормаган Германия фуқаролари яқин кунларда бошқа ҳамкор давлатлар эвакуация рейслари орқали олиб чиқилади.
Ҳаммаси бўлиб, ахборот агентликлари маълумотларига кўра, Германия ҳарбий-ҳаво кучлари олтита эвакуация парвозини амалга ошириб, 30 мамлакатдан 600 дан ортиқ одамни Судандан Иорданияга олиб кетган. Эвакуация миссиясига 1000 га яқин немис аскари жалб қилинган. Германия Мудофаа вазирлиги таъкидлаганидек, миссия тугагандан сўнг, бундесвер кучлари Германияга қайта жойлаштирилади, аммо улар тезкор ҳаракат қилиш ҳолатида бўлади.
15 апрелдан бери Суданда Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон бошчилигидаги мунтазам армия ва Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги Тезкор ҳаракат кучлари ўртасидаги зиддият кескин авж олди. Жанглар пайтида, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 450 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 4000 дан ортиқ киши жароҳатланган. 2021 йил октябрдаги ҳарбий тўнтаришдан бери Суданни ал-Бурҳон раислигидаги Ўтиш даври суверен кенгаш бошқариб келмоқда. Тезкор ҳаракат кучлари қўмондони Дагало унинг ўринбосари эди.