Навалний устидан янги суд: у умрбод қамоқ жазосини олиши мумкин
Россиялик мухолифатчи экстремизм ва терроризмда айбланмоқда. Ҳозир у 9 йиллик қамоқ жазосини ўтаяпти.
Москванинг Басманний судида ўтказилган маҳкамада Алексей Навалнийга «экстремизм» бўйича иш материаллари билан танишиш учун 10 кун муҳлат берилди. Жиноят иши 196 жилддан иборат. Навалнийга уларни 5 майгача ўрганиб чиқиш буюрилган.
«Бу Алексей иши бўйича катта суд яқин орада бошланади, деган маънони англатади», деб ёзди Навалнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш. Суд маҳкамаси ёпиқ тарзда ўтказилди. Навалнийнинг сўзларига кўра, бу ишдан ҳеч ким хабар топмаслигига ишонч ҳосил қилишга уринишдир.
Навалнийга нисбатан «экстремистик жамиятни ташкил этиш» (Россия Жиноят кодексининг 282.1-моддаси) ва «Экстремистик фаолиятни молиялаштириш» (Россия Жиноят кодексининг 282.3-моддаси) бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Биринчи моддада 12 йилгача, иккинчисида 10 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган. 2022 йил октябрь ойида Навалний ушбу ишни изоҳлар экан, Тергов қўмитаси уни «жиноий гуруҳ раҳбари» деб ҳисоблашини, ушбу гуруҳда унинг сафдошлари, жумладан Леонид Волков ва Иван Жданов ҳам борлигини айтди. Тергов қўмитаси ушбу «жиноий гуруҳ» аъзоларини «терроризм ва экстремизмга даъват», «экстремизмни молиялаштириш» ва «нацизмни реабилитация қилиш»да айбламоқда.
«Адвокатлар ушбу моддаларнинг муддатини ҳисобга олган ҳолда, бу ерда жами 30 йил эканини ҳисоблаб чиқди», деди Навалний. Ҳозирда у 2022 йил март ойида «фирибгарлик» ва «судга ҳурматсизлик» айбловлари билан ҳукм қилинган 9 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Навалний ишидан «терроризм» иши алоҳида процессга ажратилган. Сиёсатчи умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. Бу ҳақда Навалний 26 апрель куни Басманний судида видеоалоқа орқали гапирди.
«Улар менга 30 йиллик қамоқ жазоси билан таҳдид қиладиган экстремизм иши бўйича бемаъни айблов қўйишди. Терговчи Роман Видюков кеча бу ишдан «терроризм» алоҳида ажратиб олинганини, мен қамоқхонада ўтириб, терактлар содир этганимни айтди. Бу ҳолатлар бўйича менга ҳарбий суд томонидан алоҳида ҳукм чиқарилади. Биринчи иш бўйича мени 30 йил, кейингиси бўйича умрбод қамоқ жазоси кутмоқда», деди Навалний.
«Экстремистик жамоа»ни яратиш ҳақидаги ишда «терроризм» ҳақидаги эпизод бор, деди ФБК директори Иван Жданов. Унинг тушунтиришича, бу «Популярная политика» каналида берилган видеолавҳадаги эпизод бўлиб, унда Леонид Волков президент Владимир Путин «террорчи сифатида судланиши керак» деган. Жданов Волковга нисбатан «терроризмга даъват» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилгани ҳақидаги қарорнинг (унда 2022 йил 15 июль санаси кўрсатилган) фотосуратини кўрсатди. Ҳужжатда айтилишича, Волков 10 июль куни «Популярная политика» каналидаги видеолавҳада «Путиннинг ўлдирилишини қонунийлаштириш мумкинми» деб фикр юритган.
Ишга «ҳарбий мухбир» Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши ҳақидаги эпизод ҳам қўшилиши мумкин, деди Иван Жданов. Унинг сўзларига кўра, Татарский ҳалок бўлган портлашдан сўнг «экстремистик жамоа» иши қўшимча терговга қайтарилган.
«Терговчининг айтишича, «терроризм» энди алоҳида кўриб чиқилади ва Татарский билан бўлган эпизод у ерга қўшилади. Эпизод қайси шаклда бўлиши номаълум. Чақириқ, рағбатлантириш ёки ташкил этиш — бизга қоронғи. Биз Алексейни ҳарбий суд маҳкама қилади ва 35 йилгача бўлган муддатга қамалади, деб ўйлагандик. Аммо энди у оддий суд томонидан экстремизм учун маҳкама қилинади ва максимал муддат - 30 йилгача. Терроризм иши эса афтидан алоҳида ва кейинроқ бўлади. Ҳарбий судда кўрилади. Қамоқ муддати қанча бўлиши ҳам ноаниқ. Агар улар «ташкилотчи» деб ҳукм чиқарса, умрбод қамоқ жазосини олиши ҳам мумкин», деди Жданов.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024