Жаҳон | 10:02 / 27.04.2023
4264
3 дақиқада ўқилади

НАТО бош котиби қурол ишлаб чиқаришни кўпайтиришга чақирди

НАТО арсеналлари кўпайиши алянснинг тийиб туриш ва мудофаа қобилиятини кучайтириши билан бирга, Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш имконини беради, деди Йенс Столтенберг.

Фото: AP

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг НАТОга аъзо давлатларни қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ва захираларни тезда тўлдиришга чақирди. Бу “алянснинг жиловлаш ва мудофаасини кучайтириб, Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш имконини беради”, дея хабар қилди 26 апрел, чоршанба куни НАТО матбуот хизмати.

“Биз бугун олдинга ва тезроқ бориш учун шу ерга йиғилдик”, деди Столтенберг НАТО штаб-квартирасида Миллий қурол-яроғ бўйича директорлар конференциясининг (CNAD) икки кунлик йиғилишини очар экан. Матбуот хизмати иқтибос келтирган бош котибнинг сўзларига кўра, “НАТОга керак бўлган салоҳиятни таъминлаш ва саноат билан биргаликда ишлаш” муҳим.

Матбуот хизмати хабарида таъкидланганидек, йилига камида икки марта йиғиладиган CNAD'нинг вазифаси "мос келадиган ҳарбий имкониятларни тақдим этишда ҳамкорликни таъминлаш"дир. “Бу НАТО кучлари ҳар доим мавжуд бўлган энг илғор имкониятларга эга бўлишини кафолатлайди”, - дейилади хабарда.

Украина НАТОдан мамлакатни альянсга қабул қилиш бўйича аниқ қадамлар ва «бу йўлда хавфсизлик кафолатларини» кутмоқда, деди Украина президенти Володимир Зеленский 20 апрель куни Киевда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан қўшма матбуот анжуманида.

Июль ойида Вилнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитига изоҳ берар экан, Зеленский унда иштирок этиш таклифи учун миннатдор эканлигини, бироқ «Украина ҳам тегишли таклифнома олиши»ни муҳим деб билишини айтди. «Украинани альянсга таклиф қилиш бўйича сиёсий қарорларга қарши бўлган бирорта ҳам объектив тўсиқ йўқ», — деди Зеленский.

«Биз қадамлар кутмоқдамиз. Олдинга қадамлар. Бизга бугунги муносабатларимиз форматидан кўра кўпроқ нарса керак. Улар бизни қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлаётганини жуда қадрлаймиз. Лекин Украина қачон НАТОда бўлишини тушунмоқчимиз. Бу йўлда хавфсизлик ҳам кафолатланиши лозим», деди президент.

Мавзуга оид