Ўзбекистон | 16:45 / 27.04.2023
52572
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 6 бош бўғоз қўй чавақланиб, эгасига таҳдидомуз хат қолдирилди

Самарқанд туманида жойлашган Бадал қишлоғида 21 апрелга ўтар кечаси, яъни Рамазон ҳайити арафасида нохуш воқеа содир бўлган. Номаълум шахслар Тошкент – Термиз трассаси бўйида жойлашган бу қишлоқда яшовчи чорвадорнинг қўйхонасига бостириб кириб, 6 бош бўғоз қўйни сўйган. Яна 3 бош қўйни эса олиб қочган.

Фото: KUN.UZ

Бу ишни қилганлар қўйларнинг эгаси бўлмиш чорвадорга таҳдидомуз хат қолдирган. Имловий хатоларга тўла хатда шундай дейилган: «Сенга ғойибдан хат. Эҳсон қилиб тур, иншааллоҳ кўзинг очилар. Ҳаромхўрлигингни йиғиштир. Аллоҳга қасам, ўзинг шу кунга тушасан. Тушундингми, ҳаром сотқин?»

Қўй эгаларининг Kun.uz'га маълум қилишича, қўйлар қассобликдан хабари бор одам томонидан сўйилган, оёқлари ҳам рисоладагидай учта қилиб боғланган. Чорвадор сўйилган қўйларнинг барчаси бўғоз бўлганини айтмоқда.

Жабрланувчилар бу воқеадан хабар топгач, хавотир билан маҳалла участка нозирига мурожаат қилган, аммо уларнинг сўзларига кўра ҳозиргача ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Бу борада иш очилганми ёки йўқлигини аниқлаштириш мақсадида Kun.uz мухбири Бадал қишлоғидаги воқеа содир бўлган маҳалла участкаси нозирига қўнғироқ қилди. Аммо инспекторга нима мақсадда телефон қилингани айтилгач, гўшакни қўйиб қўйди. Қайта қилинган қўнғироқларга ҳам жавоб беришни истамади.

Мавзуга оид