Осиё чемпионати: Эрон ва Ҳиндистон фаоллашди, Ўзбекистон ҳамон етакчи
Самарқандда ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасида байдарка ва каноэда эшкак эшиш, шунингдек, параканоэ бўйича Осиё чемпионати баҳслари давом этяпти. 28 апрел куни ўтказилган баҳслардан кейин ҳам Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида устунликни сақлаб турибди.
Мусобақанинг учинчи кунига келибгина қайсидир жамоа мезбон Ўзбекистондан кўпроқ олтин медал қўлга киритишни уддалади. Ўзбекистонлик атлетлар кун якунларига кўра 3 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медал ютишди. Эрон ва Ҳиндистон жамоаси эса 4 тадан олтин медал қўлга киритди. Ҳиндлар кунни 11 та, Эрон эса 6 та медал билан якунлади.
27 апрелда икки ҳиндистонлик рақибидан устун келган эронлик параканоэчи Ислом Жаҳиди 200 метрга ўтказилган баҳсларда ҳам салкам 4 сония фарқ билан ғолиб бўлди.
Бир кун аввал аёллар ўртасидаги параканоэ баҳсларида ҳиндистонлик Ядав Прачига имкониятни бой бериб, иккинчи бўлган эронлик Рўё Султони бу гал жуда кичик фарқ билан ғолибликни қўлга киритиб, Осиё чемпиони бўлди.
Ўзбекистон делегациясига олтин медалларнинг иккитасини қизлар олиб келишди. Биринчи кундаги микс баҳсларида Осиё чемпиони бўлган Хонзода Эркинова бу гал Гулбаҳор Файзиева билан бирга 200 метрга ўтказилган пойгада эронлик ва қозоғистонлик рақибларини ортда қолдириб, чемпион бўлди. Шоҳсанам Шерзодова эса яккалик баҳсларидаги 200 метрга пойгада ғолибликни қўлга киритди.
Шунингдек, 1000 метрга ўтган икки кишилик пойгада ўзбекистонлик ёшлар Миржалол Комилов ҳамда Камронбек Ахтамовга тенг келадигани бўлмади. Улар 2-ўриндаги ҳиндистонлик рақибларини 4 сонияга ортда қолдиришди. Ваҳоланки, 500 метрдан кейин бу фарқ атиги 1 сониядан кўпроқни ташкил қилаётганди.
Шу тариқа Ўзбекистон атлетлари учинчи кунги баҳслардан кейин умумий 19 та олтин медал билан етакчилик қилмоқда. Мусобақа 30 апрелга қадар давом этади.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024