Ўзбекистон | 15:43 / 29.04.2023
7721
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда чегара ҳудудларидаги яйловлардан фойдаланиш бошланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Чегара ҳудудларидаги яйловлардан фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда чегара зонаси ва чегара минтақасида жойлашган республика қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун зарур бўлган минглаб гектар яйлов ер участкалари самарали фойдаланилмасдан келинмоқда. Чегара зонаси ва чегара минтақасидаги яйловлардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар амалдаги қонунчиликда тартибга солинмаган.

Билдирилишича, чегара зонаси ва чегара минтақасидаги яйловлардан фойдаланиш қоидаларининг амалдаги қонунчиликда белгиланмагани ушбу ҳудудлардаги ер участкаларидан самарали фойдаланишнинг қониқарсиз ташкил этилишига, ушбу яйловларда ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар, шу жумладан коврак хомашёларининг йиғилмаслигига, чорва молларининг боқилмаслигига сабаб бўлмоқда. Чегара зонаси ва чегара минтақасидаги аҳоли ушбу ҳудудлардаги тайёр яйловлардан фойдаланиш имкониятига эга эмас ҳамда бу уларга иқтисодий зарар келтирмоқда.

Лойиҳа билан чегара зонаси ва чегара минтақасида яйлов хўжалигини юритиш ҳамда яйловлардан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда.

Лойиҳага илова қилинган низом 4 боб, 23 банддан иборат бўлиб, унда чегара зонаси ва чегара минтақасида яйлов хўжалигини юритиш ҳамда чегара зонаси ва чегара минтақасида яйловлардан фойдаланиш масалалари алоҳида ифодаланган.

Лойиҳага мувофиқ, чегара зонаси ва чегара минтақасида яйловдан фойдаланувчилар рўйхати яйловдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли ташкилотлар томонидан шакллантирилади.

Яйловдан умумий фойдаланиш учун алоҳида рухсат олиш талаб этилмайди, махсус фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно.

Лойиҳада чегара зонаси ва чегара минтақасидаги яйловлардан доимий ва вақтинча фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ушбу ҳудудларда яйловдан фойдаланиш турлари ҳамда яйловдан фойдаланиш ҳуқуқининг тугатилиш асослари назарда тутилган.

Лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида чегара зонаси ва чегара минтақасида жойлашган яйлов ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ушбу ҳудудда яйлов хўжалигини ташкил этиш йўлга қўйилади ҳамда яйлов маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтиришни рағбатлантириш таъминланади.

Мавзуга оид