Ўзбекистон | 12:28 / 30.04.2023
9029
2 дақиқада ўқилади

Референдумда давомат 35 фоиздан ошди

Соат 11:00 ҳолатига кўра, референдумда сайловчиларнинг 35,13 фоизи, яъни 6,2 миллиондан ортиқ киши иштирок этган.

Ўзбекистон ва хориждаги референдум участкаларида соат 11:00 ҳолатига кўра 6 миллион 820 минг 838 нафар фуқаро овоз берган. Бу жами овоз берувчиларнинг 35,13 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров сайловчиларнинг юқори фаоллигини таъкидлаб, шу пайтгача жиддий қонунбузарликлар қайд этилмаганини таъкидлади.

Ҳудудлар кесимида овоз берувчиларнинг иштироки бўйича фоиз ҳисобида Андижон вилояти (40,24 фоиз), Сирдарё вилояти (39,62 фоиз) ва Жиззах вилояти (39,33 фоиз) етакчи.

Овоз берувчилар сони бўйича эса Фарғона (847 132 нафар), Самарқанд (776 949 нафар) ва Андижон (685 231 нафар) вилоятларида энг юқори кўрсаткичлар кузатилган.

Мамлакат бўйлаб 10758 участка фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, айни вақтга келиб чет элдаги дипломатик ваколатхоналарда ташкил этилган участкаларнинг 55 таси очилган.

611 минг 320 нафар сайловчи муддатидан аввал овоз берган

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун 2023 йил 19-26 апрел кунлари муддатидан олдин овоз бериш ташкил этилган ва унда 611 минг 320 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз берган.

Мавзуга оид