Ўзбекистон | 10:50 / 02.05.2023
8010
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда сохта ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора ходими ушланди

У ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходими деб таништирган ва шифокорни қўрқитиб, ундан 2 минг доллар олган

Самарқандда ўзини ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора ходими деб таништирган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2023 йил 18 апрел куни Иштихон туманида яшовчи 62 ёшли И.Б. ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўзини қўрқитиб товламачилик қилган шахсга қонуний чора кўришни сўраган.

Аризачига кўра, 18 апрел куни номаълум шахс Иштихон тумани тиббиёт бирлашмаси “Шошилинч хирургия” бўлимида навбатчилик қилиб турган шифокор И.Б.нинг олдига бориб, ўзини Самарқанд вилояти Коррупцияга қарши кураш бўлими ходими деб таништирган.

Сўнг қўлида шифокор фуқароларни даволагани эвазига моддий манфаатдор бўлиб келгани ҳақида етарли далиллар мавжудлигини айтиб, тегишли тартибда чора кўриш билан қўрқитиб, ундан 2000 АҚШ долларини товламачилик йўли билан қўлга киритган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ўзини Самарқанд вилояти Коррупцияга қарши кураш бўлими ходими деб таништирган шахс аслида Иштихон туманида яшовчи, Самарқанд шаҳрида жойлашган маҳаллаларнинг бирида ишловчи 28 ёшли Р.С. экани аниқланиб, ундан 2000 доллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодекснинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид