Ўзбекистон | 11:50 / 02.05.2023
24349
2 дақиқада ўқилади

Синоптиклар май ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди

Май ойи - баҳор фаслининг охирги ойи. Май ойида ҳаво ҳароратининг барқарор ўсиши давом этади. Иқлим хусусиятларига кўра (кўп йиллик давр учун ўртача қийматлар), май одатда ҳаво илиқ бўлади, апрель ойига нисбатан ўртача +4...+6 даражага илиқроқдир.

Фото: Kun.uz

Ҳудуднинг катта қисмида ойнинг биринчи ярмида ўртача кундузги ҳарорат +24...+27 даражани, иккинчи ярмида эса +28...+31 даражани ташкил этади. Май ойида ёз фаслидаги каби ҳарорат +35...+37 даражагача бўлган иссиқ кунлар ҳам кузатилади. Метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун май ойининг мутлақ максимуми +39...+41 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +43...+45 даражани ташкил этади.

"Ўзгидромет" хабарига кўра, ушбу йилда май қуруқ ва илиқ об-ҳаво билан бошланади.

1 май куни ҳаво ҳарорати +30...+33 даража атрофида бўлади. Сўнгра, ҳафта давомида ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва кундузи +23...+28 даражани ташкил этади, ўн кунликнинг энг охирида эса ҳарорат яна кўтарила бошлайди. Кейинчалик май ойининг охиригача ҳарорат кечалари +10...+13 даражадан +17...+20 даражагача, кундуз кунлари +22...+25 даражадан +32...+35 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

1 майдан 10 майгача асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат 4 май куни шимоли-ғарбий ҳудудларда, 6-7 май кунлари республиканинг қолган ҳудудларида асосан жадаллиги бироз бўлган момақалдироқли қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши мумкин. Умуман олганда, май ойида ёғингарчилик меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Мавзуга оид