Жаҳон | 18:05 / 04.05.2023
26250
11 дақиқада ўқилади

Кремлга дронлар ҳужуми. Қандай саволлар очиқ қолмоқда?

Кремлга ҳужум қилган дронлар қаердан учиб келган. Улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидан қандай ўтган?

Россия ҳукумати чоршанба куни кундузи Кремлга икки дрон билан ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берди, аммо бу ҳодиса видеоларида куннинг қоронғи вақти акс этган. Владимир Путиннинг матбуот хизмати ҳодисани «президентга суиқасд» деб баҳолади, аммо тунда у Кремлда бўлгани эҳтимоли паст. BBC рус хизмати Кремлга ҳужумнинг расмий версияси эълон қилинганидан кейин жавобсиз қолаётган саволларни санади.

Кремл ярим кун давомида ҳужум ҳақидаги маълумотни яширдими?

Кремлга ҳужум акс этган илк видеолар тундаёқ, Якиманка ва Замоскворечье районлари аҳолиси учун очилган телеграм-каналда пайдо бўлган. Унинг администраторлари айтишича, Серафимович кўчасида яшовчилар «момақалдироқ»никига ўхшаш «баланд овоз»ни эшитишган.

Шунингдек, район аҳолиси вакиллари «осмондаги учқунлар ва баланд овоздан кейин Кремл деворида чироқ кўтарган одамлар юрганига» эътибор қаратган. Кун давомида тарқалган видеолардан бирида 3 майга ўтар кечаси Кремлдаги ёритгичлар ўчирилганини кўриш мумкин. Бошқа бир видеода Кремл девори узра тутун кўтарилгани акс этган.

BBC видео муаллифлари билан боғланишга уринган, аммо улар фақат молиявий рағбат эвазига ОАВ билан мулоқот қилишга рози бўлишини билдиришган.

Эътиборли жиҳати, шаҳардаги бошқа пабликларда Кремлдаги воқеалар муҳокама қилинмаган. Москва марказида ҳаракатланиш ҳам тўхтатилмаган. Кремлдаги музей ҳам одатий тақвим бўйича ишламоқда, Александровский боғига кириш ҳам чекланмаган. Қизил майдон эса апрел ойи охирида Ғалаба куни парадига тайёргарлик кўриш учун ёпилганди.

Ҳудуд аҳолиси вакилларидан бири BBC билан суҳбатда ўзи ярим тунда содир бўлган воқеага гувоҳ бўлмагани, аммо тонгда ҳам, кечаси ҳам районда фавқулодда ҳодиса рўй бергани аломатлари сезилмагани, дронлар ҳужуми ҳақида фақат телевизордаги янгиликлардан хабар топганини билдирган.

Якиманка райони каналида пайдо бўлган роликлар фақат кундузи фаол муҳокама қилина бошлади, шундан кейин Кремл матбуот хизмати ҳам ҳужум ҳақидаги маълумотни тасдиқлаб, бу ҳужумни Владимир Путин ҳаётига суиқасд қилишга уриниш деб баҳолади (шу билан бирга, у бу вақтда Кремлда бўлмагани айтилди).

Шундан кейин ОАВда ва ижтимоий тармоқларда нисбатан яқинроқ масофадан олинган видеолар пайдо бўла бошлади. Видеолардан бири Қизил майдон томондан туриб тасвирга туширилган. Видеода дрон Кремл девори олдига тўшалган тошлар устидан учиб ўтиб, Сенат саройи гумбази атрофида ҳаводалигида портлаб кетгани кўринади - бу Владимир Путиннинг расмий қароргоҳи бўлиб, гумбазга Россия байроғи ўрнатилган. Шу билан бирга, видеода бу вақтда икки киши гумбаз бўйлаб кўтарилаётгани кўринган - улар тахминан махсус хизмат ходимлари бўлган. Бу роликнинг биринчи манбаси номаълум, аммо бу катта эҳтимол билан кузатув камерасидаги кадрларнинг мобил телефон орқали ёзиб олинган вариантидир.

Кейин ТВЦ телеканали яна иккита видеони намойиш этди. Уларда иккита турли дронлар орқали уюштирилган иккита турли ҳужум акс этган.

Ёзувлардан бирида дрон Қизил майдон устидан учиб, Сенат саройи гумбази яқинида портлайди, шундан кейин осмонда тутун пайдо бўлади. Иккинчи видеода бошқа йўналишда учиб келиб тўғридан тўғри бинога урилгани ва ёнғин бошланганини кўриш мумкин. Яъни дронлар турли траекториялар бўйлаб, аммо битта нишон сари ҳаракатланган.

Роликларда акс этган Спасская минорасидаги курантларда ҳужум вақтини аниқ кўриш мумкин. 

Биринчи дрон Замосковоречья томонидан (яъни Кремлдан жанубдан) учиб келган ва Сенат саройи гумбази атрофида портлаган. Видеоёзувлардан бирида унинг урилишидан кейин чақин ва тутун пайдо бўлгани ва шамол тутунни Кремлнинг Спасская минораси томон олиб кетаётгани акс этган. Бу вақтда минорадаги соатлар 2:27 ни кўрсатаётганди.

Иккинчи дрон қарийб худди шу жойда, соат 2:43, яъни 16 дақиқа ўтиб портлаган. Бу вақтга келиб Кремлда ёритиш чироқларини ўчиришга улгуришган — ҳатто одатда Кремл соҳилбўйини ёритадиган фонарлар ҳам ёнмаётганди. Фақат миноралар учларидаги қизил юлдузлар порлаб туришда давом этган.

Бу сафар учувчисиз учар қурилма Кремлга Китай-город томондан (яъни шарқдан) учиб келади, президент штандарти ўрнатилган Сенат саройи гумбази ёнидан ўтиб, биринчи дрон каби нақ флагшток остида портлайди. Лекин гумбаздаги байроқ ёниб кетмаган.

Иккинчи видеода икки киши зина орқали гумбаздаги флагшток томон кўтарилаётганини кўриш мумкин. Катта эҳтимол билан улар биринчи дрон зарбасидан кейин чиққан ёнғин оқибатларини кўздан кечирмоқчи бўлган.

Украина Кремл бўйлаб зарбаларга алоқадорлигини рад этган.

Украинлар дрони Кремлгача учиб бора оладими?

BBC ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксенов тушунтиради:

Кремл - Россиядаги энг қаттиқ қўриқланадиган объектлардан бири. Сўнгги йилларда GPS-навигатори ёқилган ҳолда Кремл девори ёқалаб ҳаракатланмоқчи бўлган ҳар бир киши буни амалда текшириб кўриши мумкин эди - Кремлга яқин келинганда, экрандаги белги пойтахт аэропортларидан бирига ишора қилади.

Бу радиоэлектрон кураш тизими иши натижасидир - шу тариқа улар аэропортлар яқинидаги парвозлардан ҳимоя ўрнатилган оддий тижорий дронларга тўсқинлик қилишади. Бу ҳимояни олиб ташлаш мумкин. Ҳарбий дронлар радиоэлектрон кураш воситаларини енгиб ўтиш учун турли тизимлардан фойдаланади. Бунинг усулларидан бири - парвознинг муайян участкаларида инерциал навигация, яъни автопилотдан фойдаланиш. Бундай тизим радиоэлектрон кураш чораларига қарши кучли ҳимояни таъминламайди, аммо аниқликни пасайтиради.

Ўз-ўзидан тушунарлики, бундай радиоэлектрон кураш шароитида дронларни радиоалоқа орқали бошқариш жуда қийин, агар умуман иложсиз бўлмаса. У берилган дастур бўйича белгиланган нишон томон мустақил ҳаракатланиши талаб этилади.

Шунингдек, Москва ичкарисида Кремлни дронлардан ҳимоя қилишнинг кенгроқ контури мавжуд. Унинг таркиби ҳақида кўп нарса маълум эмас, аммо январ ойида шаҳар маркази атрофидаги бинолар томларида дронларга қарши курашиш учун ҳам мўлжалланган «Панцирь-С1» зенит комплекслари ўрнатилганди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларга кўра, бу самолёт типидаги кичик ва парракли дрон эди, чунки тезлик юқори эмасди. Бундай аппаратлар одатда углерод толаси ёрдамида ишлаб чиқарилади, шунинг учун, айниқса пастлаб учганида радиолокация воситалари уларни пайқаши осон бўлмайди.

Бутун Москвани ҳимоя қилувчи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг янада кенгроқ қатлами ҳам мавжуд. Аммо ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари нисбатан катта нишонларга қарши курашишга мўлжалланган - жанговар каллакли қитъалараро ракеталардан тортиб самолётларгача.

Амалиёт шуни кўрсатганки, кичик дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан ўтиб, Москва областигача етиб борган. Москва областида портловчи қурилмалар ўрнатилган дронлар аниқлангани билан боғлиқ икки ҳолат маълум: феврал ойи охирида - Коломенский районида, апрел ойида - Ногинск яқинида. Икки ҳолатда ҳам дрон парчаларидан бу Украинанинг «Укржет» компанияси ишлаб чиқарган UJ-22 Airborne дронлари экани маълум бўлган.

Бундай дронлар 800 километр масофагача учиб бора олади, агар уларни украинлар учирган бўлиши мумкин деб ҳисобланса, бу техник жиҳатдан мумкин бўлган иш. Кўплаб шарҳловчилар юқоридаги ҳолатлардан кейин бундай парвозлар ҳақиқий ҳужумдан олдин Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини текшириб кўришга ўхшаётганини айтишганди. Аммо расмий Киев ўшанда ҳам, ҳозирда бўлгани каби жавобгарликни ўзидан соқит қилмоқда.

Албатта, Кремлдаги Сенат саройи гумбази устида портлаган дронлар нисбатан анча яқин масофадан учирилган бўлиши ҳам мумкин, бу ҳолда улар зенит ракета мажмуалари томонидан уриб туширилиш хавфи юқори бўлган бир неча юз километр масофани босиб ўтишига ҳожат қолмайди. Аммо энди бу шунчаки қизиқ тафсилотлар, чунки аллақачон бундай зарбанинг натижаси бор - зенит комплекслари ва радиоэлектрон кураш воситаларига қарамай, дронлар Кремлгача етиб борган ва портлаган.

Рўй берган ҳодиса Кремлнинг ҳарбий стратегиясига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

BBC ҳарбий шарҳловчиси Илья Абишев жавоб беради:

Кремлда яшовчилар ва урушни қизғин қўлловчи пропагандачилар ва бошқа Z-фаоллар учун энг хавотирлиси - улар украинларники деб айтаётган дронлар барча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ортда қолдириб, Москвага қадар етиб боргани эмас. Саратов яқинидаги стратегик авиабазага зарбалар ҳамда Москва яқинида портловчи моддалар ўрнатилган дронлар топилганидан бери кун келиб бундай ҳужум содир бўлишига шубҳа йўқ эди.

Ҳужумларнинг ҳайратланарли даражадаги аниқлиги кўпроқ хавотирга сабаб бўлгани тайин. Президент қароргоҳи гумбазига иккита дрон аниқ боришини ўқни тангага теккизиш билан тенглаштириш мумкин ва бу ерда фақат икки вариант бўлиши мумкин: ёки жуда яхши отувчи ва нишонни жуда аниқ олувчи қурол билан юқори даражали мерган ишлаган ёки жуда яқиндан ўқ узилган.

Кремл бундай вазиятда қандай йўл тутиши кераклиги тушунарсиз. Жавобгарликни Киев гарданига юклаш ва пўписа қилиб қўйиш учун унга зарба бериш варианти бор - шундай бўлиши ҳам аниқ, аммо бу билан Россия ҳудудига такрорий зарбалар берилишининг олдини олиб бўлмайди.

«Руст эффекти» ишга туширилиб, урушнинг қизғин палласида пойтахтни ҳаво зарбаларидан ҳимоялай олмагани учун ҳарбий қўмондонликни алмаштириш (1987 йилда германиялик учувчи Матиас Руст минг километрдан ошиқ масофани тўсқинликсиз босиб ўтиб, самолётини Москвага қўндиргач, СССР мудофаа вазири ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари қўмондони лавозимидан озод этилган) керакми? Аммо янги бошлиқлар даврида Москва осмони хавфсизроқ бўлиб қолиши ҳам катта савол остида. Кремлга ҳужум ташкилотчилари айнан қўмондонлик ўзгартиришга интилаётган бўлса-чи?

Балки ҳарбийлар умуман айбдор бўлмасдан, хавф шу атрофда ҳаракат қилаётган диверсантлардан келаётгандир? Буларнинг барчаси ички душманлар ёки турли ҳарбий-ватанпарвар гуруҳларнинг таъсир доираси учун курашни кучайтирган фитнаси бўлса-чи? Ва ишга кучишлатар тузилмаларнинг ўзи ҳам аралашган бўлса-чи?

Россия раҳбарияти қаршисида шундай оғир саволлар билан бир қаторда яна бир савол бор: Қрим ва Украинага яқин бўлган қатор областлар қилгани каби оддий хавфсизлик зарурати туфайли Қизил майдонда ўтказилиши керак бўлган ҳарбий парадни бекор қилиш керак бўладими? Ўйлаш учун эса вақт жуда оз қолмоқда.

Мавзуга оид