Россия ҳукумати чоршанба куни кундузи Кремлга икки дрон билан ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берди, аммо бу ҳодиса видеоларида куннинг қоронғи вақти акс этган. Владимир Путиннинг матбуот хизмати ҳодисани «президентга суиқасд» деб баҳолади, аммо тунда у Кремлда бўлгани эҳтимоли паст. BBC рус хизмати Кремлга ҳужумнинг расмий версияси эълон қилинганидан кейин жавобсиз қолаётган саволларни санади.

Кремл ярим кун давомида ҳужум ҳақидаги маълумотни яширдими?

Кремлга ҳужум акс этган илк видеолар тундаёқ, Якиманка ва Замоскворечье районлари аҳолиси учун очилган телеграм-каналда пайдо бўлган. Унинг администраторлари айтишича, Серафимович кўчасида яшовчилар «момақалдироқ»никига ўхшаш «баланд овоз»ни эшитишган.

Шунингдек, район аҳолиси вакиллари «осмондаги учқунлар ва баланд овоздан кейин Кремл деворида чироқ кўтарган одамлар юрганига» эътибор қаратган. Кун давомида тарқалган видеолардан бирида 3 майга ўтар кечаси Кремлдаги ёритгичлар ўчирилганини кўриш мумкин. Бошқа бир видеода Кремл девори узра тутун кўтарилгани акс этган.

BBC видео муаллифлари билан боғланишга уринган, аммо улар фақат молиявий рағбат эвазига ОАВ билан мулоқот қилишга рози бўлишини билдиришган.

Эътиборли жиҳати, шаҳардаги бошқа пабликларда Кремлдаги воқеалар муҳокама қилинмаган. Москва марказида ҳаракатланиш ҳам тўхтатилмаган. Кремлдаги музей ҳам одатий тақвим бўйича ишламоқда, Александровский боғига кириш ҳам чекланмаган. Қизил майдон эса апрел ойи охирида Ғалаба куни парадига тайёргарлик кўриш учун ёпилганди.

Ҳудуд аҳолиси вакилларидан бири BBC билан суҳбатда ўзи ярим тунда содир бўлган воқеага гувоҳ бўлмагани, аммо тонгда ҳам, кечаси ҳам районда фавқулодда ҳодиса рўй бергани аломатлари сезилмагани, дронлар ҳужуми ҳақида фақат телевизордаги янгиликлардан хабар топганини билдирган.

Якиманка райони каналида пайдо бўлган роликлар фақат кундузи фаол муҳокама қилина бошлади, шундан кейин Кремл матбуот хизмати ҳам ҳужум ҳақидаги маълумотни тасдиқлаб, бу ҳужумни Владимир Путин ҳаётига суиқасд қилишга уриниш деб баҳолади (шу билан бирга, у бу вақтда Кремлда бўлмагани айтилди).

Шундан кейин ОАВда ва ижтимоий тармоқларда нисбатан яқинроқ масофадан олинган видеолар пайдо бўла бошлади. Видеолардан бири Қизил майдон томондан туриб тасвирга туширилган. Видеода дрон Кремл девори олдига тўшалган тошлар устидан учиб ўтиб, Сенат саройи гумбази атрофида ҳаводалигида портлаб кетгани кўринади - бу Владимир Путиннинг расмий қароргоҳи бўлиб, гумбазга Россия байроғи ўрнатилган. Шу билан бирга, видеода бу вақтда икки киши гумбаз бўйлаб кўтарилаётгани кўринган - улар тахминан махсус хизмат ходимлари бўлган. Бу роликнинг биринчи манбаси номаълум, аммо бу катта эҳтимол билан кузатув камерасидаги кадрларнинг мобил телефон орқали ёзиб олинган вариантидир.