15:01 / 05.05.2023
4752

Абдулла Арипов ва Алихон Смоилов Тошкентда музокаралар ўтказди

Алихон Смоилов Тошкентда бўлиб ўтадиган икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 20-мажлиси арафасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан музокаралар ўтказди. 

Фото: primeminister.kz

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг бир қатор долзарб масалаларини, жумладан, савдо, саноат кооперацияси, сармоявий фаолият, энергетика, логистика, трансчегаравий сув ҳавзаларидан фойдаланиш, маданий-ҳуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа соҳалардаги қўшма қадамларни муҳокама қилган

Алихон Смоилов Ўзбекистон Қозоғистоннинг энг йирик савдо шерикларидан бири эканини таъкидлади. Хусусан, 2022 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми режалаштирилган 5 миллиард долларга етди.

«Бу умумий саъй-ҳаракатлар туфайли амалга ошди. Энди юқори даражада қўйилган вазифаларга мувофиқ, ўрта муддатли истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказишимиз керак», — деди ҳукумат раҳбари. 

Шу билан бирга, у икки томонлама ҳамкорликка оид кенг кўламли масалаларни ҳал этишда Қозоғистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг алоҳида ролини таъкидлади.

Ўз навбатида, Абдулла Арипов республикалар ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш учун юксак салоҳият мавжудлигини айтиб ўтди.

«Ўзаро савдода ижобий тенденция кузатилмоқда. Иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида саноат кооперацияси бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон савдо, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни мақсад қилган. Умуман олганда, биз қардош Қозоғистон билан муносабатларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдормиз», — деди у. 

Top