Адлия вазирлигининг туҳматда айбланган ходими тергов ҳибсхонасидан озод этилди
Унинг рафиқаси сайёр қабулда эри хасталигини айтиб, бош прокурордан унга нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартиришда ёрдам сўраганди.

Ҳусан Равшанов, адвокати ва турмуш ўртоғи. Манба: Twitter / Ortanchabotir
Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими собиқ бош маслаҳатчиси Ҳусан Равшановга қўлланган қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, у қўйиб юборилган. Бу ҳақда унинг адвокати Абдумалик Абдуллаев фейсбук саҳифаси орқали хабар берди.
«Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 4 майдаги ажримига асосан Ҳусан Равшановни қамоққа олиш эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, 1-сонли тергов ҳибсхонасидан озод этилди.
Яшнобод туман суди судьяси жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш ҳақида ажрим чиқариш вақтида ЖПК 396-моддасига мувофиқ айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси нотўғри танланган, деган тўхтамга келиб эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида ажрим чиқарди», дейилади хабарда.
Бу ўзгариш Равшановнинг рафиқаси Севара Равшанова сайёр қабулда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга мурожаат қилиши ортидан рўй берди. Ўшанда мурожаатчи бош прокурор қабулида ички ишлар ва прокуратура ходимлари уни «копток қилишаётгани», турмуш ўртоғининг иши қачон судга ошиши ҳақидаги оддий маълумотни адвокатларга ҳам айтишмаётганини билдириб, эрига нисбатан қўлланган қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилишида амалий ёрдам сўраганди.
Бош прокурор ушбу мурожаатни шахсан назоратга олиши, ён дафтарчасига ариза тафсилотларини ёзиб олганини, ёрдам беришга ҳаракат қилишини маълум қилганди.
Маълумот учун, Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими собиқ бош маслаҳатчиси Ҳусан Равшанов 2023 йил 3 феврал куни ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланиб, 5 феврал куни қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган эди.
Унга, гўёки Facebook'да бегона исм-шариф билан аккаунт очиб, адлия ходимларини коррупцияда айблаш орқали туҳмат қилишда айблов илгари сурилган.
Севара Равшанова Kun.uz мухбири билан суҳбатда Facebook’даги «Sanjar Karimov» номли аккаунт турмуш ўртоғига тегишли эмаслигини таъкидлаган. У умр йўлдоши учинчи шахслар фитнаси қурбони бўлганини даъво қилган.
Мавзуга оид

16:09 / 18.03.2025
Адлия вазирига янги ўринбосар тайинланди

15:45 / 18.03.2025
Тошкентда номаълум шахс 12 ёшли қизга ҳамла қилди. У руҳий хаста экани маълум бўлди

16:18 / 07.03.2025
Худоёр Мелиев адлия вазири ўринбосари лавозимидан кетди

17:27 / 27.02.2025