Жаҳон | 18:47 / 09.05.2023
20385
4 дақиқада ўқилади

Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон ҳибсга олинди

У бош вазирлигида олган қимматбаҳо совға-саломларни сотиб юборишда айбланаётганди. Ҳибсга олишга у олдинги суд мажлисларига келмагани асос бўлган. Унинг партияси тарафдорларни кўчаларга чиқишга чақирди.

Фото: Khan/Twitter/REUTERS/Scanpix/LETA

Покистоннинг собиқ бош вазири, ҳозирда мухолифат етакчиси, «Таҳриқ-и-Инсаф» партияси раҳбари бўлган Имрон Хоннинг тарафдорлари у Исломободда қуролланган шахслар томонидан қўлга олингани ҳақида хабар беришди.

Уларнинг сўзларига кўра, Хон Исломобод Олий суди мажмуасига коррупция айбловлари бўйича мажлисларда қатнашиш учун келганида ҳибсга олинган.

Хабарларга кўра, Хон суд биносига кирганидан сўнг зирҳли транспортёрларда етиб келган ҳарбий хизматчилар томонидан қўлга олинган.

Ҳукумат унинг ҳибсга олиниши сабаби бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Хонни зирҳли транспортёрларда келган ҳарбийлар қўлга олди. Фото: Reuters

«Таҳриқ-и-Инсоф» партияси твиттерида Хоннинг тарафдорларини кўчаларга чиқишга чақириқлар пайдо бўлди. «Покистон халқи, мамлакатингизни қутқариш вақти келди. Сизда бошқа имконият бўлмайди», — дейилган хабарлардан бирида.

Хон бир неча иш бўйича судга тортилган. Душанба куни ҳарбийлар Хонни «асосланмаган айбловлар» оқибатларидан огоҳлантиришганди - бунга у аввалроқ юқори мартабали зобитлардан бирини ўзини ўлдириш мақсадида тил бириктиришда айблагани сабаб бўлганди.

Март ойида Покистон суди мамлакатдаги кескинликни юмшатиш мақсадида ушбу таниқли сиёсатчини ҳибсга олишга уринишларни тўхтатиш бўйича ҳукм чиқарганди.

Икки кун муқаддам Хоннинг юзлаб тарафдорлари ҳокимият вакилларига уни қўлга олишга тўсқинлик қилган ва полициячилар билан тўқнашувга киришганди, ҳуқуқ-тартибот органлари эса кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни қўллаганди.

Хонни қўлга олиш бўйича амалиёт Исломободдаги суд уни ҳибсга олишга ордер берганидан кейин бошланди, бунга собиқ бош вазир ўзига берилган совға-саломларни сотиб юборгани бўйича ишда гувоҳлик беришга келмаганди. Бу совғалар унга 2018-2022 йилларда бош вазир лавозимини эгаллаб турганида хорижий давлатларнинг юқори мартабали вакиллари томонидан топширилганди.

Бу совғалар рўйхати ўтган йилдаёқ эълон қилинганди, рўйхатда еттита соат, жумладан 300 минг долларлик соат, шунингдек, айрим маълумотларга кўра, бриллиант тақинчоқлар ва қимматбаҳо ошхона сервизлари бўлган.

2022 йил апрелида лавозимини йўқотган Имрон Хон ўзи томонидан қандайдир ноқонуний ҳаракатлар бўлганини рад этади ва унга қарши қўзғатилган жиноий иш сиёсий мотивларга асосланганини айтади.

Аввалроқ BBC учун берган интервьюсида Хон полицияда уни ҳибсга олиш учун асос йўқлиги ва ҳукумат уни панжара ортига ташлаш учун барча ишга тайёрлигини айтганди.

Собиқ бош вазирнинг сўзларига кўра, расмийлар бундай ҳибсдан у ва унинг партиясининг бўлажак сайловлардаги иштирокига тўсқинлик қилиш учун фойдаланмоқда. «Мен қамоқхонага тушсам, тушмасам - улар менинг партия ғалаба қозонишига халал бера олишмайди», деганди у.

Ўз навбатида, Покистон ахборот вазири Марриюм Аврангзебнинг тасдиқлашича, бу ишга ҳеч қандай сиёсий тус берилмаган.

Ўтган йили парламентдаги овоз бериш жараёнида ўз лавозимидан айрилганидан кейин Хон бутун мамлакат бўйлаб айланиб, норозилик митинглари уюштириб, ҳукумат ва армияни танқид қилишга киришган ва муддатидан олдинги сайловлар ўтказилишини талаб қила бошлаганди.

Шундай митинглардан бири вақтида унга ҳужум уюштирилди ва Хон оёғидан яраланди. У бу суиқасдда амалдаги бош вазир Шаҳбоз Шарифни айблади. Шариф бу айбловни рад этди ва сайловлар белгиланган муддатда бўлиб ўтишини маълум қилди.

Мавзуга оид