Ўзбекистон | 11:20 / 09.05.2023
5190
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Колумбия университети билан яқин ҳамкорлик ўрнатилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

АҚШда хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг навбатдаги учрашуви Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Колумбия университети раҳбарияти билан ўтказилди. 

«Ушбу олий ўқув юрти қарийб 270 йиллик тарихга эга. Муассаса жаҳон рейтингида юқори поғоналарни банд этиб келмоқда. Қолаверса, у Қўшма Штатлардаги энг йирик тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Бу ерда бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичлари бўйича 18 та факултетда таҳсил олаётган талабалар сони 33 минг нафардан ошади. Уларнинг 11 минг нафардан зиёди хорижий давлатлар фуқароларидир. 

Колумбия университетининг асосий кампуси Нью-Йоркнинг нуфузли тумани — Манҳэттенда жойлашган. Вашингтон-Ҳайтс тиббиёт маркази эса асосий тадқиқот муассасаларидан бири ҳисобланади.

Ўқув юрти битирувчилари орасидан 104 нафар Нобел мукофоти, 30 нафар давлат раҳбари, жумладан, АҚШнинг тўрт президенти чиққан. Жаҳон фармацевтика бозорида университет олимларининг кашфиёт ва ихтиролари (артрит, глаукома, саратон муолажасида қўлланадиган дорилар ва ногиронлиги бор шахслар учун протезлар) ном қозонган», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Учрашувда тўртта йўналиш — соғлиқни сақлаш, менежмент, ҳамширалик иши ва стоматология бўйича юртимиздаги барча тиббиёт олий ўқув юртлари, хусусан, Тошкент давлат стоматология институти билан ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси стоматология соҳасида илмий грант лойиҳаларини рўёбга чиқариш, бу йўналишда ординатура ва докторантура таҳсилини йўлга қўйиш, юқори босқич талабаларининг академик алмашинувини таъминлаш, ўқитувчилар касбий малакасини ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Мавзуга оид