Жаҳон | 12:15 / 24.03.2025
1599
2 дақиқада ўқилади

Японияда стоматологик клиникалар беморларни тинчлантириш учун терапевт итларни ёлламоқда

Клиникалардан бирида бундай хизмат 20 йил олдин жорий этилган бўлиб, шу йиллар давомида итлар ҳеч кимга зарар етказмаган.

Фото: SCMP composite/QQ.com/IG@shibuyadental

Японияда туғилиш даражасининг пасайиши ва бизнесдаги кучли рақобат шароитида айрим стоматологик клиникалар итлар хизматини таклиф этишни бошлади. Бу ҳақда SCMP хабар бермоқда.

Масалан, Япониянинг марказий қисмидаги Хонсю оролида жойлашган Ибараки префектурасидаги болалар стоматологияси йигирма йилдан бери терапевт итларни ёллаб келмоқда.

Клиника асосчиси Сузуки бу ғояни Флора лақабли терапевт ит билан мулоқот қилганидан сўнг қўллай бошлаган. У Флорани эгаси билан ўз клиникасига таклиф этганда итнинг стоматологик машина шовқинидан ва ўткир ҳидлардан қўрқмаётганини кўриб ҳайратга тушган.

Шундан сўнг Сузуки ўз клиникасига кўпроқ терапевт итларни, айниқса кичкина зотдор итларни жалб эта бошлаган. Бу итлар даволаниш пайтида беморнинг устида ётиши ёки унинг ёнига жойлашиши мумкин. Таъкидланишича, ҳайвонлар бутун сеанс давомида қимирламайди.

Аксарият мижозларга терапевт итлар билан мулоқот қилиш ёқиб қолди, кўплаб ижобий фикрлар билдирилди ва бу хизмат аста-секин доимий хизмат турига айланди.

“Итдаги илиқликни ҳис қилиш муолажа пайтида болаларни бўшаштирадиганга ўхшайди”, — дейди Сузуки.

Клиника маълум қилишича, 20 йил давомида итлар бундай сеанслар пайтида ҳеч кимга зарар етказмаган.

SCMP хабарига кўра, япон стоматология клиникалари мижозларни жалб қилиш мақсадида шифохоналар ҳудудида ресторан ва кафелар, фитнес-мураббийлар хизматини таклиф этувчи спорт заллари очмоқда, шунингдек, ҳамшираларни хизматкор қизлар либосида ишга чиқармоқда.

Мавзуга оид