Жаҳон | 11:09 / 11.05.2023
6743
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россиядан мусодара қилинган дастлабки активларни Киевга беради

"Қўшма Штатлар мусодара қилинган Россия маблағларини Украинани қайта тиклаш учун биринчи марта юбораётган бўлса-да, бу охиргиси бўлмайди", деди АҚШ бош прокурори Меррик Гарленд.

Константин Малофеев / Фото: Reuters

АҚШ бош прокурори, адлия вазири Меррик Гарленд илк бор россиялик олигархнинг санкцияларни бузгани учун мусодара қилинган активларини Украинага ўтказишга рухсат берди, деб хабар бермоқда Reuters 10 май, чоршанба куни.

Гап россиялик тадбиркор Константин Малофеевнинг маблағлари ҳақида кетмоқда. 2022 йил апрел ойида АҚШ Адлия вазирлиги уни Украинага ҳарбий ҳужуми учун Россияга киритилган санкцияларни бузганликда айблади. АҚШ расмийларига кўра, Малофеев Қримда сепаратистик кайфиятни қўзғатиб, русларни молиявий қўллаб-қувватлаган.

Шу билан бирга, Гарленд "Малофеевнинг санкцияларни бузганлиги билан боғлиқ миллионлаб активлар Америка молия институтларидан биридаги ҳисобрақамида хатловга олинганини" айтди. 2023 йил феврал ойида АҚШ бош прокурори ушбу пулни Украина эҳтиёжларига ўтказишга рухсат берди. Қайд этилишича, 10 май куни АҚШ Адлия вазирлиги ушбу маблағларни беришни амалга ошириш бўйича буйруқ чиқарган.

“Қўшма Штатлар мусодара қилинган Россия маблағларини Украинани қайта тиклаш учун биринчи марта юбораётган бўлса-да, бу охиргиси бўлмайди”, — дейилади Гарленд баёнотида. АҚШ Адлия вазирлиги бу ҳужжатни ҳали эълон қилмаган.

"Царьград" телеканали асосчиси Константин Малофеев 2014 йилдан бери АҚШнинг санкциялар рўйхатида. 2022 йилнинг апрелида унга нисбатан жазо чоралари узайтирилганди. “Жумладан, “Транскапиталбанк” ҳамда хатти-ҳаракатлари йирик бизнесмен томонидан назорат қилинаётган 40 дан ортиқ жисмоний шахслар ва ташкилотлардан иборат глобал тармоқ қора рўйхатга киритилган”, — деб ёзади ТАСС агентлиги.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид