Фан-техника | 15:41 / 11.05.2023
194778
4 дақиқада ўқилади

“Иккитаси бирда”: Bentley’дан Porsche’гача — йўлтанламас спорткарлар (фотожамланма)

Спорткар ва йўлтанламас — бир қараганда икки қутб вакиллари. Бироқ спорткарларнинг айрим эгалари ўзининг темир тулпорини нафақат текис асфальтли йўлда, балки ундан ташқарида ҳам ҳайдагиси келади. Заводлар томонидан ғадир-будур йўлларда ҳаракатланишга мослаштирилган спорткарларни бармоқ билан санаш мумкин. Уларнинг энг машҳурлари Lamborghini ва Porsche’нинг ижод намуналари ҳисобланади. Шунга қарамай тюнинг студиялари доимий равишда йўлтанламас спорткарлар борасида тажрибалар қилиб туради. Уларнинг тажрибаси ўлароқ автоихлосмандлар ноёб автомобилларга эга бўлади. Қуйида шундай ишланмалар ҳақида гап боради.

Bentley Continental GT Speed

БААда қайта ишланган, 44,5 минг км масофа босиб ўтиб қўйган Bentley’ни 43,250 долларга баҳолашган. Автомобилнинг клиренси оширилган, кузов ҳимояси ўрнатилиб, хавфсизлик учун рамка қўйилган. Захира ғилдираги учун купенинг том қисми танланган. Ғилдиракларга шоссе учун мўлжалланган Pirelli шиналари қўйилган. Салон қисмига яшил тус билан қоришган тўқ сариқ тери билан ишлов берилган. Олти литр ҳажмга эга W12 двигатели 611 от кучидан 700 тага оширилган.

Lamborghini Gallardo LP560-4 нусхаси

Таиланд ательеси Lamborghini нусхаларини яратиш билан шуғулланади. Улар томонидан ишлаб чиқилган Gallardo йўлтанламасининг нусхаси 45 минг долларга баҳоланган. Автомобиль Toyota Hilux базасида яратилган, мотор эса Lexus’дан олинган. Ташқи элементлар, жумладан, олд ва ортки чироқлари тюнингчиларнинг ўзлари томонидан яратилган.

Toyota GR86 Cross Over

Cusco брендига эгалик қиладиган Carrosser фирмаси йўлтанламас купе проекти устида иш олиб борди. Натижа эса шундай бўлди: GR86 Cross Over модели Toyota GR86 суперкарининг сўнгги авлоди базасида яратилди. Созланиш имкониятига эга амортизаторлар ўрнатилиши натижасида унинг клиренси 2,5 сантиметрга оширилган. 16 диаметрли дискларга йўлтанламас шиналар тақилди. Ёритиш имкониятини ошириш учун қўшимча светодиодлардан фойдаланилди.

Morgan Plus 4 CX-T

Британ ишлаб чиқарувчиси ўз моделини йўлтанламасга айлантирди. У атиги 8 нусхада яратилди. Уни яратишда «Дакар» раллиси учун болидлар ишлаб чиқадиган Rally Raid UK фирмаси кўмаклашган. Экстремал пойга учун зарур қўшимча жиҳозланишлардан кейин модель оғирлиги 291 дан 1300 килограммга ўзгарган.

Porsche Cayman S

2006 йилда ишлаб чиқарилган спорткар йўлтанламас ҳолатига келтирилган. Уни 2022 йилда аукционга қўйишганди. Унинг учун таклиф қилинган энг юқори нарх эса 45 500 долларни ташкил қилган. Машинанинг биринчи хўжайини 115 минг км масофа босиб ўтганди. Автомобиль 3,4 литрли ҳажмли 295 от кучига эга атмосфера босимида ишлайдиган двигатель билан жиҳозланган. Двигатель ўз навбатида 6 поғонали механик узатмалар қутиси билан ҳамкорликда ишлайди. Vali Motosports фирмаси купенинг бамперларини алмаштириб, том қисмига ҳаво тўсиғи ўрнатган, қўшимча ёритиш чироқлари ва ўрдак қанотини эслатиб юборадиган спойлер билан жиҳозлаган. Ғилдираклар 16 дюймлик ҳажмдагисига алмаштирилган ва унга йўлтанламас резина тақилган.

Porsche 911

Бу шунчаки завод томонидан ишлаб чиқарилган оддий Porsche Dakar эмас. Ҳали бирорта тюнинг ателье бундай модификациядагисини ишлаб чиқмаганди. Автомобиль хавфсизлик устунларига эга бўлган, амортизаторлар кучайтирилган, трансмиссия эса янгиланган. Машина устидаги такомиллаштириш ишлари якунига етганидан сўнг у билан 39 кунлик саёҳатга йўл олинган.

Мавзуга оид