Жаҳон | 13:21 / 12.05.2023
5887
2 дақиқада ўқилади

CNN: АҚШ Россия билан маҳбусларни алмашиш учун номзодларни қидирмоқда

Қўшма Штатлар Россиянинг эҳтимолий агентлари қўлга олинган иттифоқчи давлатлар, жумладан Германия билан алоқа ўрнатмоқда, деб ёзади CNN.

Эван Гершкович / Фото: ТАСС

Жо Байден маъмурияти Россия агентларини қўлга олган давлатлар, жумладан Германия, Бразилия ва Норвегия расмийларига боғланиб, бу давлатлар Россия билан The Wall Street Journal (WSJ) журналисти Эван Гершкович ва собиқ денгиз пиёда аскари Пол Уиланни озод қилиш учун маҳбусларни оммавий алмашишга тайёрми ёки йўқлигини билмоқчи. Бу ҳақда 11 май, пайшанба куни Американинг CNN телеканали уч манбага таяниб маълум қилди. Оқ уй, шунингдек, Россияга қарши санкцияларни юмшатиш имкониятларини ўрганмоқда, деди АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали расмийлари телеканалга.

Россия расмийлари аввалроқ Уилан эвазига Россия разведка аппаратига алоқадор шахс топширилишини кутишаётганини билдирди, Гершковичга ҳам шунга ўхшаш талаблар қўйилиши мумкин, деб таъкидлайди CNN. Бир қанча россиялик кибержиноятчилар Қўшма Штатларда ҳибсда бўлса-да, Россия уларни алмашинувнинг бир қисми сифатида қабул қилишга рози бўлмайди, дейди канал. Исмлар рўйхати ҳали тузилмаган ва Америка томонидан "унга ким кириши борасида" шиддатли рақобат бор, деди канал манбаси.

Россия расмийлари CNN телеканалига бу борада АҚШ ва Россия ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг “махсус каналлари” борлигини тасдиқлади. CNN манбаси айтишича, Москва Берлинда собиқ чечен қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб қамоқ жазосига ҳукм қилинган Россия Федерал хавфсизлик хизмати ("ФСБ") собиқ полковниги Вадим Красиковнинг берилишидан “энг кўп манфаатдор”. Германия Красиковни АҚШ фуқароларига алмашишда иштирок этишга қандай шароитда рози бўлиши номаълум, деб ёзади CNN.

Мавзуга оид