Жаҳон | 11:17 / 15.05.2023
30664
5 дақиқада ўқилади

Туркия сайловлари: қайси омиллар рол ўйнади?

Иккинчи турдан нима кутиш мумкин?

Қиличдорўғлининг тарафдорлари орасида ёшлар кўп. Фото: EPA

Туркиядаги президентлик сайловларида иккинчи тур ўтказилиши аниқ бўлди. Шу пайтгача саналган 99 фоиз бюллетенлар сарҳисобига кўра, Эрдўған 49,35 фоиз овоз олган, Қиличдорўғлида – 45 фоиз. Учинчи номзод Синан Ўған эса 5,23 фоиз овоз йиға олди, холос. Демак, икки ҳафтадан кейин – 28 май куни сайловларнинг иккинчи тури бўлиб ўтади, унда Эрдўған ва Қиличдорўғли беллашади, ким кўпроқ овоз олса – ўша Туркия президенти бўлади.

Туркияда президентлик ҳокимияти кучайтирилганига кўп вақт бўлмади. Янги Конституцияга кўра ўтган 2018 йилги сайловларда Эрдўған биринчи турнинг ўзидаёқ 52,58 фоиз овоз билан ғалаба қозонган эди. Бу сафар Эрдўғанга қарши омиллар ва кучлар кўп бўлди. Хўш, кимлар ва қайси омиллар Эрдўғанга қарши эди ҳамда Қиличдорўғлига қимлар ва қайси омиллар қарши турди?

Эрдўған зарарига ўйнайдиган асосий оғриқли нуқта – иқтисодий қийинчиликлар, энг аввало – лира инфляцияси бўлди. Кейинги беш йил ичида, турк лираси сал кам беш марта қадрсизланган. 2018 йилда бир АҚШ доллари 4 лира атрофида қийматланган бўлса, бугунга келиб 20 лирага етган.

Либерал-демократия ҳам Эрдўғанга қарши турди. Эрдўған ўзини демократ деб ҳисоблайди, лекин уни либерал-демократ дейиш қийин. Туркия либераллари амалдаги президент кетиши учун овоз беришди. 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишдан кейин Эрдўған ҳокимият вертикалини кучайтирган, давлатни ўз мухолифларидан тозалашга киришганди.

Дунёвийлик тарафдори бўлган республикачилар ҳам Эрдўғанга ишонч билдирмайди. Республикачилар Эрдўған маъмуриятини ўз қарашлари учун ҳар доим катта таҳдид деб билишган. Лекин Туркиядаги дунёвийлик Эрдўған даврида демонтаж қилинмади ва қилиниши имконсиз ҳам эди. У қилган катта ўзгариш – Туркияда диний эркинликни таъминлади, лекин давлатни динга мажбурловчи воситага айлантирмади.

Эрдўғаннинг энг асосий мухолифлари – бу ғарбга ориентир олувчи қатлам ҳисобланади. Эрдўған охирги йилларда Туркиянинг геосиёсий ва геомафкуравий ориентирини ғарбдан шарққа, жанубга ва шимолга қаратаётганди. Бу билан у Брюсселда, Парижда ва айниқса, Вашингтонда энг номақбул сиёсий фигурага айланди. Эрдўғанни кетказиш учун коллектив ғарб мавжуд ресурсларини ишга сола бошлади.

Яна қайси омиллар Эрдўғаннинг вазиятини чигаллаштирди? Булар кўп, лекин коронавирус, феврал ойидаги вайронкор зилзила ҳамда суриялик кўп сонли қочқинларни алоҳида санаш мумкин. Бу муаммоларнинг бари Эрдўғандан сезиларли даражадаги фоизларни «ўғирлади». Зилзила кўлами жуда катта бўлганди. Шунга қарамай, Эрдўған ўйиндан чиқмади.

Эрдўғанга кимлар овоз берди? Энг аввало, турк консерватизмини тилга олиш керак. Олдинги сайловларда Эрдўғанга катта шаҳарлар, иқтисодий ривожланган минтақалар ҳам кўп овоз берганди. Бу сафар у асосан ички Туркия, яъни Туркиянинг денгиз соҳилига чиқмаган ва кўп аҳоли яшамайдиган ҳудудларида устунлик қилди. Булар – қишлоқлар, кичик ва ўрта шаҳарлардир.

Эрдўғаннинг доимий электорати – исломий қарашдаги қатлам ҳисобланади. Улар амалдаги президентда мусулмон-демократни кўришади ва уни қўллаб-қувватлашни ўзларининг диний ҳамда сиёсий вазифаси сифатида талқин қилишади.

Шунингдек, унга турк миллатчилари ҳам каттагина овоз берди. У аллақачон ғарбга ва ташқи қудратларга қарши сиёсий фигура сифатида шаклланиб бўлган. Айнан Эрдўған Туркияни «глобал мустақил ўйинчи» сифатида майдонга олиб чиққанини турк жамияти яхши англайди. Эрдўғаннинг глобал майдондаги ўта зиддиятли ўйин формуласини бошқа турк сиёсатчилари бу яқин орада такрорлай олмаслиги тайин.

Демак, Эрдўғанга «кўп қутблилик» тарафдорлари ҳам жиддий овоз берди ёки қўллаб-қувватлади.

Унинг ғалабаси – коллектив ғарбга маъқул келмаслиги мумкин, Хитой, Эрон, Покистон, Саудия ва бошқа «кўп қутблилик» тарафдорларига эса у қолгани маъқул.

Қиличдорўғлига либераллар, дунёвий республикачилар, ғарбга интилувчи аҳоли қатлами, иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар тарафдорлари овоз беришди. Ғарбдагилар Қиличдорўғли ҳокимиятига келишини хоҳлайди, Москва ва Пекин эса бундан хавотирланди.

Иккинчи турда Эрдўғаннинг ғалаба қозониш имкониятлари кўпроқ. Чунки, шу пайтгача Туркияда ўтказилган сўровномалар биринчи турда Қиличдорўғлининг қўли баланд келишини кўрсатаётганди. Фарқ – салкам 5 фоиз атрофида – Қиличдорўғли фойдасига эди. Лекин, мухолифат ҳам тан олган натижаларга кўра, Эрдўған кўпроқ овоз олган.

Кузатувчилар Эрдўған бу сайлов кампаниясида анча хотиржам бўлганини кўп такрорлашди. Демак, катта эҳтимол билан, у яна ҳокимиятда қолади. Дунёда кўп қутблилик ҳаракати давом этади. Туркияда консерватизм устуворлиги сақланиб қолади. Иқтисодий вазият тезда ўнгланмайди. Лира инфляцияси давом этади. Туркиянинг Ўзбекистон билан алоқалари эса ҳозирги динамикада давом этади.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Камолиддин Раббимов
Муаллиф Камолиддин Раббимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид