16:58 / 17.05.2023
28294

ИИБ ходимлари билан жанжаллашган блогер 10 суткага қамалди

Фуқарога майда безорилик, ИИО ходимларининг қонуний талабини бажармаслик ва уларга қаршилик қилиш айбловлари қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

Instagram'да уй савдоси билан шуғулланувчи блогер ва ИИО ходимлари ўртасида жанжал юзага келгани акс этган видео тарқалди.

Видеода, тасвирга олаётган фуқаро “акамни уряпсиз, кўриб турибмиз-ку”, дейди. Шунингдек, блогернинг “чакагимга урдингиз, мен сизни уролмайман-да”, деган гаплари ҳам эшитилади. Тасвирларда ИИО ходимлари эркакни хонадан чиқишига қаршилик қилганини кўриш мумкин.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборотига кўра, 14 май куни пойтахт ЙҲХБ ходимлари Шайхонтоҳур туманидаги жарима майдончасига фуқаро И.Д. томонидан ҳеч қандай ҳужжатларсиз бошқариб юрилган “Toyota” машинасини маъмурий баённома асосида олиб келган.

“Бироқ, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида И.Д. жамоат тартибини бузиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармай, уларга нисбатан қаршилик кўрсатган”, – дейилади баёнотда.

Ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан фуқаро И.Д.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”), 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) ва 195-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш”) билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди бу баённомалар асосида блогерга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Воқеага гувоҳ бўлган ва видеони тарқатган шахс – блогер туҳматлар асосида қамалганини ҳамда гувоҳ бўлишига қарамай, ўзи судга киритилмагани айтган.

Top