Ўзбекистон | 11:11 / 17.05.2023
13437
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда газбаллони портлади

Бунга туман газ идораси томонидан тарқатилган носоз баллондан газ сизиб чиққани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Фото: Kun.uz

Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Самарқанд вилояти Пахтачи туманидан бўлди. Мурожаатда ёзилишича, жорий йил 25 апрел куни туманнинг «Чоргўша» МФЙда яшовчи Хосият Муҳаммадиеванинг хонадонида газбаллон портлаган.

Оқибатда, ошхона сифатида фойдаланиб келинган бино шикастланган. Шунингдек, аёлнинг қўшниси тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Мурожаатчилар ҳодиса содир бўлишига носоз газбаллони сабаб бўлганини айтишмоқда. 25 апрел куни туман газ идораси ходимлари маҳаллада газбаллони тарқатган ва Х.Муҳаммадиевага газ сизиб чиқиб турган баллони бериб кетишган. Ошхонага олиб кириб қўйилган газбаллонидан газ сизиб чиққан ва оқибатда портлаш содир бўлган.

«Ўша куни газбаллонларини тарқатган туман газ идораси ходимлари Х.Муҳаммадиевага газбаллонни берган ва тезда кетиб қолган. Мурожаат қилинганига қарамасдан на маҳалла, на туман газ идораси аёлга амалий ёрдам берган», дейилади мурожаатда.

Сўнгги пайтларда айнан носоз газбаллонлари билан боғлиқ мурожаатлар кўпайди. Мурожаатларнинг аксариятида аҳолига тарқатиш учун олиб борилаётган газбаллонларнинг бир қисми носозлиги ва улардан газ сизиб чиқиши, бироқ газ идораси ходимлари ҳолатни била туриб уларни одамларга бериб кетаётгани айтилади.

Пахтачида содир бўлган ҳодисани ва носоз газбаллонларни тарқатиш билан боғлиқ муаммони тегишли ташкилотлар ўз назоратига олишини кутиб қоламиз.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид