Жаҳон | 21:17 / 19.05.2023
59918
16 дақиқада ўқилади

Украинанинг бўлажак қарши ҳужуми: эҳтимолий 4 сценарий

Украина қўшинлари қарши ҳужуми бошланиши кутилмоқда. Асосий зарба қаерда берилади? Ва Россия бунга қарши тура оладими?

Бахмут атрофидаги украин ҳарбийлари. Libkos / AP / Scanpix / LETA

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин украинларнинг қарши ҳужуми аллақачон бошланиб кетган деб ҳисобламоқда. Шунга қарамай, Украина қуролли кучларининг фаоллашуви фақат Бахмут атрофида кўзга ташланмоқда; ва бу ҳудуддаги ҳарбий ҳаракатлар кўпроқ шаҳар ғарбидаги ярим қуршов ҳолатида қолган кварталларни деблокада қилишга қаратилган локал (ва кечиккан) операцияга ўхшамоқда. Бу «қарши ҳужум» ҳам дастлабки муваффақиятлардан кейин тўхтаб қолди. Шунга қарамай, украинларнинг йирик юриши яқин кунларда бошланиши эҳтимоли катта. Киевдан берилган маълумотларга кўра, бунинг учун Украина қуролли кучлари ва Миллий гвардия таркибида 20 га яқин бригада махсус шакллантирилган, ўқитилган ва қуроллантирилган. Очиқ манбаларни ўрганиш орқали Украина айнан қаерда ва қандай мақсад билан ҳужум қилишга тайёрланаётганини аниқ айтиш қийин. Аммо урушнинг ҳозирги босқичи якунлари операция шаклига боғлиқ. «Медуза» воқеалар ривожи бўйича тўрт эҳтимолий сценарийни келтирди.

Украина армиясининг янги қарши ҳужуми бошланиши керак бўлган шароитлар аввалгиларидан кескин фарқ қилади:

  • 2022 йил кузи бошида Украинна қуролли кучлари урушнинг дастлабки ярим йилида жиддий йўқотишларга учраган ва сафарбар қилинганлар билан тўлдирилмаган Россия армиясидан сон жиҳатдан катта устунликка эга эди.
  • 2023 йил баҳорида Россия қўшинлари сафарбарликнинг илк босқичини якунлади. Тўғри, айрим янги бўлинмалар аллақачон жангларга киришиб, шахсий таркиб ва техника борасида катта йўқотишларга учраб улгурган; юриш амалиётларида бундай бўлинмалар ўзини яхши томондан кўрсата олмади.

Украина қуролли кучларининг янги тузилмалари - улар ҳам асосан сафарбар қилинганлар ҳисобига шакллантирилган - ҳали жангларда синаб кўрилмади ва уларнинг ҳақиқий кучи аён эмас. Шу билан бирга, 2022 йил кузидагидан фарқли ўлароқ,улар Россия қўшинларининг яхши тайёрланган мудофаа линияларини ёриб ўтиши талаб этилади. Хусусан, украинларнинг асосий зарбаси берилиши тахмин қилинаётган Запорижжя областида, сунъий йўлдош тасвирларига кўра окоплар, узоқ муддатли ўт очиш позициялари, танкка қарши тўсиқлар ва миналанган майдонлардан олтита мудофаа линияси ташкил этилган. Россия бундай позицияларни шимолда ҳам — Луҳанск областининг Сватове ва Креминна районларида, шунингдек, Бахмутга ҳужум қилаётган гуруҳнинг ортида ҳам ташкил этган.

Катта эҳтимол билан, Россиянинг тайёрланган захира кучлари бу мудофаа чизиқларини эгаллашга тайёр. Баҳорда бошқарилувчи ва узоқ масофага ҳаракатланувчи янги ўқ-дориларга эга бўлган Россия авиацияси эса ҳужум қилиб келувчи украин қўшинларига зарба ёғдиришга шай бўлиб турибди.

Ҳужумга тайёргарликда яна бир муҳим омил — бу сиёсатдир: украин қўмондонлиги муваффақиятсизликка учраш эҳтимолини кўриб чиқа олмайди, чунки бу Украинанинг Ғарб томонидан қўллаб-қувватланиши пасайиши таҳдидини юзага келтиради. Шу туфайли, Украина қуролли кучлари Россия армиясини буткул тор-мор этмаса ҳам, катта ҳудудларни қайтариб олишга эришиши талаб этилади.

Аммо Украина қуролли кучларида бу қийинчиликни енгиб ўтиш имконияти мавжуд: бўлажак амалиётда улар ҳамон энг яхши қўмондонлик ва яхши оператив режага таяниши мумкин. Операцияни режалаштириш муҳимлигини ўтган йил кузидаги воқеалар кўрсатиб берганди, ўшанда Украина қўмондонлиги россиялик ҳамкасбларини доғда қолдира олганди. Улар олдиндан Херсонда ҳужум бошланиши ҳақида эълон қилишган, РФ қуролли кучлари раҳбарияти эса фронтнинг бошқа участкаларидан захира кучларни олиб, шу йўналишга ташлаганди. Днипронинг ўнг соҳили томон ҳужумлар август ойи охирида бошланди ва аввалига у қадар муваффақиятли чиқмади (айнан россияликларнинг жанговар десант бўлинмалари қўшимча куч сифатида олиб келингани туфайли). Аммо Украина қуролли кучлари бошқа томонга зарба берди — россияликларнинг Харкив областидаги заифлашган позицияларига.

Украина нимага эришмоқчи?

Ҳужумнинг шакли ва йўналиши, шубҳасиз, Киевнинг сиёсий мақсадларига боғлиқ. Бундай мақсадлардан иккитаси маълум:

  1. Позитив: имкон қадар кўпроқ ҳудудларни озод этиш.
  2. Негатив: Кремлга «ғалаба» деб аташ мумкин бўлган нарсага яқинлашишга ҳам йўл қўймаслик.

Украинанинг ҳарбий мақсадлари, жумладан, асосий зарба йўналиши танлови сиёсий мақсадлардан келиб чиқади. Қарийб минг километрлик фронт чизиғини шартли равишда учта оператив йўналишга ажратиш мумкин:

  • Жануб. Бу фронт участкаси Днипро делтасидан (дарёнинг денгизга қуйилиш қисми) Донецк областининг Вуҳледар шаҳрига қадар чўзилган. Украина қуролли кучлари Азов денгизига чиқиш учун россияликлар мудофаасини кесиб ўтишга ҳаракат қилиши мумкин; ёки Қримга ҳужум бошлашга тайёрланиш имкониятига эга бўлиш учун тўғридан тўғри Қрим бўйнига кириб боришга уриниш.
  • Донбасс. Украина қуролли кучлари Донецк ва унинг йўлдош шаҳарларига тўғридан тўғри ҳужум қилиши даргумон: бу жуда оғир ва узоқ чўзилувчи кўча жангларига айланиб кетиши мумкин. Лекин Россия кучларининг Бахмутни эгаллаш учун ташланган гуруҳини тор-мор этиб, Донецк ва Луҳанск ўртасидан «ханжар уриш»га ҳаракат қилса бўлади. Вуҳледардан туриб Волноваҳа йўналишида зарба бериш — ва Донецкка жануби-ғарбдан таҳдид юзага келтириш мумкин. Украина қўмондонлиги 2014 йил ёзида шунга ўхшаш амалиёт ўтказишга ҳаракат қилган, аммо бу ишни охирига қадар уддалай олмаганди.
  • Шимол. Бу ерда Украина қуролли кучлари 2022 йил кузида якунланмай қолган ишни якунлашга ҳаракат қилиши мумкин — Креминна ва Сватовени озод этиш. Шундан сўнг украин қўшинлари ўтган йил ёзида бой берган Северодонецк — Лисичанск агломерацияси йўналишида ҳужум бошлаш, муваффақиятга қараб — Старобелск ва Луҳанскка ҳам ҳужум қилиш мумкин.

Жануб йўналиши катта ҳудудларни озод этишга имкон беради, яъни позитив мақсадга эришишга яқинлаштиради; марказий ва шимолий йўналишлар — катта эҳтимол билан негатив мақсадга эришиш учун фойдаланилиши мумкин: Кремл Донбассиз ўз «ғалаба»сини эълон қилиши қийин.

Украинларнинг ҳужуми қандай кўринишда бўлиши мумкин?

Бир неча вариантлар бор. Уларнинг ҳар бири ўз плюс ва минусларига эга.

1-сценарий. Қрим бўйнига қараб юриш

Украина қуролли кучлари асосий зарбани Запорижжя области ғарбида ва Херсон области шарқида — тўғридан тўғри Қрим йўналишида бериши мумкин. Ёрдамчи зарба сифатида Украина қуролли кучлари каттагина кучлар билан Днипрони кечиб ўтиши мумкин. Бу шакл жиҳатдан 2022 йил кузида Харкив областида амалга оширилган амалиёт каби бўлади: у ерда асосий зарба фронт чизиғига яқин жойлашган Балаклияга берилган ва украин ҳужумкор бўлинмалари Купянск йўналишида илгари ҳаракатланган, Шимолий Дон ортидаги Святогорскка қилинган ҳужум эса ёрдамчи ҳужум вазифасини ўтаганди. Натижада Россия гуруҳи қуршов хавфи остида қолиб, чекинганди. Кейинроқ Шимолий Донни кечиб ўтган Украина қуролли кучлари бўлинмалари муҳим йўллар чорраҳасида жойлашган Лиман шаҳрини эгаллаб олганди.

Бугунги воқеликка ўгирилса, бундай режа Россия мудофааси Запорижжя областида Орихив орқали ёриб ўтилиши ва Днипро бўйида бир неча плацдармлар ташкил этилишини (Россия гуруҳининг фронт ортида беқарорлик юзага келтириш ва захира кучларни жалб этиш учун) назарда тутиши мумкин.

Плюслар. Украина ҚК муваффақиятга эришган тақдирда Россия қўшинларига Қримдан таъминот келишини тўлиқ узиб қўйиши, Мелитополни ва Европадаги энг йирик ҳисобланган Запорижжя АЭС жойлашган Энергодар шаҳрини озод этиши, шунингдек Россия қўшинларини Днипронинг чап соҳилидаги қулай мудофаа нуқталаридан кетишга мажбур қилиши мумкин. Бундан ташқари, Украина ҚК айнан шу йўналишда Россия авиациясини зарарсизлантириш учун кўпроқ имкониятга эга: Украинага узоқ масофага ҳаракатланувчи ракеталар етказиб бера бошлаган Буюк Британия ва Франция уларни Россия ичкарисидаги нишонларга (жумладан, ҳарбий аэродромларга ҳам) қарши қўллашни тақиқлаган — аммо Қримга эмас. Яриморолда эса Херсон области ва Запорижжя области ғарбидаги қўшинларни қўллаб-қувватловчи авиация жойлаштирилган.

Минуслар. Запорижжа областида Орихив ва Днипро дарёси соҳилларида РФ ҚК энг кучли эшелонланган мудофаа чизиқларини яратган. Шубҳа йўқки, Россия қўмондонлиги ҳам Украина ҚКнинг асосий зарбаси шу йўналишда берилишини кутмоқда. Днипрони кечиб ўтиш Шимолий Дондан ўтишдан анча қийин: дарёнинг сўл соҳили анча ботқоқлашган, бу ерда барпо этилиши керак бўлган плацдармлар таъминоти ҳам осон бўлмайди. Дарё кенглиги бир километргача етади, бу участкада кўприклар қолмаган, қолаверса, баҳорда дарё суви кўпайиб, қирғоқларидан тоша бошлаган.

2-сценарий. Азов денгизигача юриш қилиб бориш

Украин қўшини асосий зарбани Мариупол ва Бердянск йўналишида бериши ҳам эҳтимолий вариантлардан бири ҳисобланади. Азов денгизига чиқилган тақдирда, Украина ҚК Россиянинг Ростов областини Қрим билан боғловчи «қуруқликдаги кўприк»ни бузиши, Азов денгизида Россия кемалар орқали юк ташишига барҳам бериши ва Қримдаги нишонларга Американинг HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари орқали зарба бериш учун қулай позицияларни қўлга киритиши мумкин.

Плюслар. Юқорида саналган стратегик яхшиланишлардан ташқари, Киев муҳим сиёсий (ва ҳатто рамзий) мақсадга эришиши мумкин – агар Мариупол қайтариб олинса. Бундан ташқари, Украина ҚК Россия қўшинлари Донецкдан ғарбда (Марйинка ва Вуҳледарга) ёриб ўтиш хавфидан халос бўлади – яъни Кремлнинг «ғалаба»сини эришиб бўлмайдиган қилади.

Минуслар. РФ ҚК Украина ҚКнинг асосий зарбасини кутиш мумкин бўлган Гуляйполе ва Велики Новоселки атрофида кучли мудофаа чизиқларини тайёрлаган. Мариупол ҳудудига Россия захира кучлари олиб келинган. Волноваха орқали ҳужум қилинса, украин қўшинига доимо РФ қуролли кучлари Донецк томондан ҳужум қилиши хавфи сақланиб туради, бу ердан қўшимча кучларни ташлаш осон (жумладан, энг қулай восита – темирйўл орқали). Бундан ташқари, Украина ҚК Россия авиациясининг асосий кучлари жойлаштирилган Таганрог ва Ейскдаги базаларни ишдан чиқариши жуда қийин.

3-сценарий. Бутун фронт бўйлаб ҳужумлар серияси

Назарий жиҳатдан Украина ҚК Россия қўмондонлигидан намуна олиб, бир ёки бир неча кучли зарбалар ўрнига фронтнинг турли соҳаларида, Брянск области билан чегарадан тортиб Днипро ёқалаб Херсонгача бўлган нуқталарда қатор кичик ҳужумларни ташкил этиши мумкин.

Плюслар. Асосий плюс — ҳужумнинг катта муваффақиятсизликка учраши истисно этилади. Шубҳасиз, қайсидир участкаларда Украина ҚК локал ютуқларга эришади (буни Бахмут қанотларидаги жанглар ҳам кўрсатди, бу ерда Россия қўмондонлиги «Вагнер» ХҲКга ёрдам учун нисбатан кучсиз бригадаларни юборганди). Биринчи зарбаларнинг муваффақияти аниқ бўлган жойларда уни ривожлантиришга ҳаракат қилиш мумкин. Рақиб ҳужуми бундай шаклда олиб борилганида, захираларни жамлаш ва улар билан манёврлар амалга ошириш қийинлашади (уларни турли участкаларга тарқатиб жойлаштириш талаб этилади; Украина ҚК ҳам РФ ҚКнинг қишки юриши вақтида шундай муаммога дуч келганди). Бундан ташқари, бир неча бригадалар орқали кичик зарбалар беришни бошқариш бутун бир оператив йўналишда катта кучларнинг ҳужумларини бошқаришдан кўра осонроқдир.

Минуслар. Россияликларнинг қишки юриши кўрсатдики, операциянинг бундай шаклида битта улкан муваффақиятсизлик ўрнига кўплаб кичик муваффақиятсизликлар рўй бериши мумкин. Муваффақиятга эришилаётган жойларда уни ривожлантириш учун эса ҳужум қилаётган томонда куч етмай қолиши мумкин. Бу айниқса РФ ҚКнинг артиллерия ва авиациядаги яққол устунлиги шароитида янада долзарблашади. Бундан ташқари, Украина ҚКнинг янги ташкил этилган бригадалари ўз таркибига кўра фақат мудофаа ёриб ўтилганидан кейинги манёвр ҳаракатларга ихтисослашган (яъни рақибнинг ичкари ҳудудида тезкор зарбалар бериш учун). Украина ҚК қўмондонлиги уруш даврида кўрсатдики, ўз стратегияси айнан шундай ҳаракатлар билан РФ ҚК таъминотини издан чиқаришга қаратилган. Кичик зарбалар серияси орқали эса россияликлар таъминот тизимини бузишга эришиш имконсиз: фақат рақибни ҳолдан тойдиришга ҳаракат қилиш мумкин (аммо Россия армияси билан бўлгани каби ўзини ҳам ҳолдан тойдириш хавфи мавжуд).

4-сценарий. Икки босқичда ҳужум қилиш

Украина ҚК ўтган йил кузидаги амалиёт шаклини такрорлашга уриниб кўриши мумкин. Ўшанда (юқорида айтилганидек) биринчи босқичда Украина армияси аввалига Херсон областида зарбалар берган, бу билан РФ ҚКнинг деярли барча захираларини шу йўналишга жалб этган, кейин эса зудлик билан Балаклия ва Чугуйив атрофига катта қўшинлар гуруҳини ташлаган, бу гуруҳ Россия қўшинининг Харкив областидаги мудофаасини чуқур ёриб кирганди. Бу ҳужумларни қайтариш учун Россия қўмондонлигида захира кучлар топилмай қолганди. Натижада Донбасснинг Украина назоратида қолган қисмига шимолдан таҳдид солиб турган йирик гуруҳини Изюмдан олиб кетишга мажбур бўлганди.

Энди Украина ҚК кетма-кетликни ўзгартириши мумкин: аввалига Донецк ва Луҳанск областлари шимолида ҳужумга ўтиб, кейин, Россия қўмондонлиги захираларини бу ҳужумларни қайтаришга йўналтирганида, Запорижжяда ҳужумга ўтиши мумкин (1 ёки 2-сценарийлар бўйича). Бу ҳолда Украина ҚКнинг ўтган ҳафталарда Бахмут атрофидаги қарши ҳужумларини чиндан ҳам Украинанинг йирик қарши ҳужумининг дебочаси деб ҳисоблаш мумкин бўлади. Украина ҚК шимолдаги Креминна ва Сватоведан Донбасс марказидаги Торецкка қардар бўлган фронт чизиғи бўйлаб фаоллашувини кутиш мумкин. Биринчи босқич яққол муваффақият келтирмаса-да, Запорижжядаги зарбадан кейин Луҳанск ва Донецк областларидаги ҳужумларни якунлаб қўйиш учун қайтиш мумкин (кузда украинларнинг Херсонни қайтариб олиш учун уюштирган иккинчи — муваффақиятли — юриши билан бўлгани каби).

Плюслар. Ҳужумнинг бу шакли кузда яхши иш берганди. Бу шакл нафақат Украинада қишда ташкил этилган янги бригадалар, балки ҳозирда Бахмут атрофида бўлиб турган «эски» бўлинмалардан (уларни кучайтириш талаб этилади) ҳам фойдаланиш имконини беради. РФ ҚК қишки юриши давомида кўплаб ютуқларга эришган Бахмут, Соледар ва Креминнада зарбалар берилиши, чиндан ҳам Россия қўмондонлигини захираларни айнан шу йўналишларга ишлатишга мажбур қилиши мумкин: қўмондонлик сўнгги ойларда катта саъй-ҳаракатлар ва қурбонликлар билан эришилган муваффақиятларни йўқотишни истамайди. Қолаверса, Бахмут ва Соледар атрофида Россия кучлари кучли истеҳкомлар барпо этишга улгурмади (фронтнинг бу участкасида базалар анча ичкаридаги Попасная ва Лисичанскда жойлашган).

Минуслар. Россия қўмондонлиги Бахмут ва Соледар атрофидаги ҳужумларни қайтариш учун фронтнинг бошқа участкаларини заифлаштириб, ўтган куздаги хатони такрорлаши даргумон. Катта эҳтимол билан, РФ ҚК барча хавфли йўналишлар учун алоҳида захираларни шакллантирган. Хусусан, Бахмутга ҳозир аввал Сватове ва Вуҳледарда жанг қилган, аммо баҳор бошида таътилга чиқарилган бўлинмалар олиб келинмоқда. Ҳозирча Запорижжядаги қўшинларни ўтказиш ҳолатлари қайд этилмаган. Бундан ташқари, россияликларнинг Донбасснинг шаҳарлашган ҳудудларига ҳужумлари шуни кўрсатдики, бу жойлар мудофааланиш учун қулайроқ. Қолаверса, «Вагнер» ХҲК, украинларнинг қарши зарбаларига қарамай, Бахмутни эгаллаш жараёнини якунламоқда, шаҳарда сақланиб қолган баланд бинолар ва саноат бинолари (Соледар билан бирга) бу йўналишда Россия мудофаасининг таянч пунктлари вазифасини ўташи мумкин.

Мавзуга оид