Жаҳон | 13:22 / 22.05.2023
9444
2 дақиқада ўқилади

Байден АҚШнинг Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди

АҚШнинг Украинага 375 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети турли ўқ-дорилар ва зирҳли техникаларни ўз ичига олади.

Фото: Susan Walsh/POOL/AFP/Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден 21 май, якшанба куни Украина етакчиси Володимир Зеленский билан учрашувда Украинага 375 миллион долларлик янги қурол-яроғ етказиб берилишини эълон қилди. Тўпламга “ўқ-дорилар, артиллерия ва зирҳли техникалар” киради, деди Байден Хирошимадаги G7 саммити чоғида.

Пентагон веб-сайтида хабар қилинишича, янги етказиб беришга HIMARS (High Mobility Artillery Rocket System) ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун қўшимча ўқ-дорилар, 155 мм ва 105 мм артиллерия снарядлари, TOW танкка қарши ракета тизимлари учун ўқ-дорилар, Javelin ва AT-4 кўчма ракета комплекслари, зирҳли тиббий машиналар, кўприк тизимлари, оғир техникани олиб ўтиш юк машиналари, тепловизорлар, эҳтиёт қисмлари ва дала ускуналари киради.

Қурол-яроғ Украинага АҚШ Мудофаа вазирлигининг ўз захираларидан ўтказилади. "Қўшма Штатлар иттифоқчилари ва ҳамкорлари билан Украинага жанг майдонидаги эҳтиёжларини ҳамда хавфсизлик бўйича узоқ муддатли эҳтиёжларини қондириш учун ишлашда давом этади", дея таъкидлаб ўтди АҚШ мудофаа идораси.

Икки кун аввал Украина президенти Володимир Зеленский G7 ("Катта еттилик") етакчилари саммити ўтаётган Хирошимага етиб келди. У Японияга келган куни АҚШ иттифоқчиларнинг украиналик учувчиларни Америкада ишлаб чиқарилган F-16 қирувчи самолётларида ўқитиш бўйича режаларини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди.

Мавзуга оид