Спорт | 16:07 / 22.05.2023
30593
15 дақиқада ўқилади

«Сити» кубокни кўтарди, «Реал» можароли ўйинда ютқазди. Европада кун ўйинлари

Якшанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: Гвардиола захирадагиларга имкон берди

Манчестер Сити – Челси 1:0
Гол:
1:0 – 12 Алварес.
Манчестер Сити – Ортега, Льюис, Уокер, Лапорт (Родри, 78), Аканжи (Стоунз, 57), Серхио Гомес (де Брюйне, 78), Филлипс, Фоден, Палмер, Маҳрез (Ҳоланд, 74), Алварес.
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта, Тиаго Силва, Чалоба, Фофана, Ҳолл (Кулибали, 81), Лофтус-Чик (Чуквуэмека, 81), Галлаҳер (Мудрик, 69), Фернандес, Ҳавертц (Пулишич, 85), Стерлинг (Мадуэке, 69).

Шанба куни телевизор қаршисида ўтириб қаторасига учинчи чемпионликни нишонлаган «Манчестер Сити» «Челси»га қарши ўйинга иккинчи таркибни туширишга ҳақли эди. Гомес, Льюис ва Палмер бошланғич таркибдан жой олди. Лекин Хосеп Гвардиоланинг тизими исталган комбинацияда иш беради. Айниқса, ҳужум марказида Алварес ҳаракат қилганида - у стартда тушган ўйинларининг деярли барчасида гол урган.

Аргентиналик ҳужумчи анъанасини давом эттирди ва  «Сити»нинг бу мавсумда уй ўйинларидаги 100-голини ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Шундан кейин ҳам «шаҳарликлар»да қатор голли вазиятлар бўлди, «Челси» эса фақат бўлим охирига бориб ўзига кела бошлади. Эдерсоннинг ўринбосари Ортега яккама-якка вазиятда ўзини кўрсатишига тўғри келди, яна бир эпизодда майдон эгаларини дарвоза устуни голдан қутқарди. Аммо бу вазиятлар тизимли эмас, алоҳида футболчиларнинг ташаббуси эвазига юзага келди. Ўйиннинг охирги қисмида Ҳоланд, Де Брюйне, Родри ва Стоунз каби асосий таркиб футболчилари майдонга чиқиб келишганида эса, чемпионлик байрамида очко йўқотилмаслиги аён бўлди. Гвардиола жамоасининг лондонликларга қарши қуруқ ғалабалардан иборат серияси эса, барча турнирлар қўшиб ҳисобланганида олти ўйинга етди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Испания: «Атлетико» иккинчи ўринга чиқди, «Реал» ва «Валенсия» ўйини можаро билан тугади

Атлетико – Осасуна 3:0 
Голлар:
1:0 – 44 Карраско, 2:0 – 62 Сауль, 3:0 – 82 Корреа.
Атлетико – Грбич, Молина, Хименес, Эрмосо, Витцел, Карраско (Регилон, 85), Коке (Барриос, 84), Саул, Де Пол (Кондогбиа, 85), Гризманн (Мартин, 90), Мората (Корреа, 46).
Осасуна – Эррера, Пенья (Ибанйес, 68), Аридане, Давид Гарсия, Санчес, Торро (Мунйос, 75), Монкайола, Орос, Рубен Гарсия (Барха, 68), Чими Авила (Хуан Крус, 46), Будимир (Кике Гарсия, 68).

Иккинчи ўринга қайтган «Атлетико» «Осасуна»га қарши ўйинда қарийб бир бўлим давомида қийналди. Мадридликларнинг тезкор голи офсайд туфайли бекор қилинди, кейин икки вазиятда дарвоза устуни меҳмонларга ёрдам бериб юборди ва фақат танаффус арафасида Гризманн тўпни Феррейра-Каррасконинг оёқларига ташлаб берди ва бу вазиятда белгиялик футболчида тўпни хато тепиш ҳуқуқи йўқ эди. Француз футболчиси эса бу мавсумдаги голли узатмалари сонини 13 тага етказиб олди. Бу гол ортиқча босимни олиб ташлади ва иккинчи бўлимда Диего Симеоне шогирдлари ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйишди. Бу мадридликларнинг мавсумдаги саккизинчи йирик ғалабасидир. Қолган уч ўйинда жамоа камида 14 йил олдинги клуб рекордини (тўққиз йирик ҳисоб) такрорлаши мумкин.

Валенсия – Реал Мадрид 1:0
Гол:
1:0 – 33 Диего Лопес.
Валенсия – Мамардашвили, Терри Коррейя (Тони Лато, 68), Жемерт, Ўкажар, Гайя, Алмейда, Нико Гонсалес, Герра, Клюйверт, Кавани (Лино, 58), Диего Лопес (Фулке, 58).
Реал Мадрид – Куртуа, Рюдигер, Милитао, Менди, Себалйос (Кроос, 65), Тчуамени, Камавинга (Родриго, 46), Васкес, Асенсио (Модрич, 65), Винисиус Жуниор, Бензема.
Четлатиш: Винисиус, 90+7.

«Реал» Чемпионлар лигасини тарк этиши ортидан Испания чемпионатида ҳам иккинчи ўринни бой бериши мумкин. Албатта, чемпионликни «Барселона»га бериб қўйган Карло Анчелотти жамоаси учун кумуш медал аҳамиятсиз, чунки ЕЧЛ йўлланмаси аллақачон ҳал этилган, аммо азалий рақиб «Атлетико»ни олдинга ўтказиб юбориш ёқимли эмас.

Шунинг учун Анчелотти «Манчестер Сити» билан ўйиндан кейин жамоа етакчиларига дам бермасликка қарор қилди. Куртуа, Милитао, Камавинга, Винисиус Жуниор ва Бензема каби етакчилар «Валенсия»га қарши ўйиннинг бошланғич таркибидан жой олишди. Италиялик мутахассис лигада қолиш учун курашаётган мезбонлар бор кучи билан ўйнашини билиб турарди.

Биринчи бўлимда «Реал» ўйин вақтининг 72 фоизида тўпга эгалик қилди, аммо меҳмонларга ҳужумлардаги кескинлик етишмади. Испаниянинг собиқ чемпионлари биринчи бўлимда гуржистонлик Мамардашвили қўриқлаётган дарвоза сари фақат битта аниқ зарба йўллашди. «Валенсия» эса бешта. 33-дақиқада мезбонлар ҳисобни очиши ўйин мантиғига мос келади. Клюйверт жарима майдони ичида тўпни қабул қилиб, ўгирилди ва тўпни узоқ устун томон йўналтирди. У ерда эса Диего Лопес Мендидан илдамроқ ҳаракат қилди.

Иккинчи бўлимда «Реал» ўйинни қутқариши талаб этиларди, шу туфайли Анчелотти бошқа юлдузларни ҳам жангга ташлади. Танаффусдан кейиноқ Родриго майдонда пайдо бўлди, ўйиннинг бир соати ўтганида – Кроос ва Модрич ҳам. «Қаймоқранглилар» тўпга эгалик қилиш кўрсаткичини 75 фоизга етказишди ва рақиб дарвозаси томонда фаолроқ ҳаракатлана бошлади. Иккинчи 45 дақиқаликда мадридликлар 10 та зарба йўллашди, шундан тўрттаси дарвоза соҳасига аниқ борди. Шунга қарамай, Испания чемпионатида қаторасига учинчи сафар ўйинида ҳам мағлубиятга учралди.

Ўйиннинг охирги қисми ўта қайноқ кечди ва ҳамиша диққат марказида бўлувчи Винисиус Жуниорга қизил карточка кўрсатилди. Гуржистонлик посбон ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Валверде ва Кроос томонидан йўлланган хавфли зарбаларни қайтариб, жамоасини қутқарди. Шундан кейин Винисиус ва Мамардашвили ўртасида тортишув юзага келди, можарога бошқа футболчилар қўшилди ва муштлашув бошланишига бир бахя қолди. Талатўпда Вини «Валенсия» футболчисининг юзига зарба бериб юборди. Видеотакрорни кўрганидан кейин бош ҳакам бразилиялик футболчига қизил карточка кўрсатди. Форвард майдонни тарк этаётганида мезбон мухлислар унга ҳақоратлар ёғдиришди ва уни бутун жамоа бўлиб кийим алмаштириш хонасига олиб кетишга тўғри келди.

Ҳакам иккинчи бўлимга 10 дақиқа қўшиб берди, аммо бу вақтда ҳам ўйинда тўхталишлар бўлди, шунинг учун ўйин кўпроққа чўзилди. Ўн киши бўлиб қолган «Реал» 102-дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолиши мумкин эди. «Валенсия»нинг толиққан ҳимоячилари Бенземага узатмани ўтказиб юборишди, француз ҳужумчиси эса дарвозабон ҳудуди яқинида тўпни ўзига бўйсундириб олди, гол бўлиши муқаррардек эди, аммо Мамардашвили яна бир бор қаҳрамонлик кўрсатди – бу унинг ўйиндаги бешинчи сейви эди. У ҳужумчига зич яқинлашиб, эркин зарба йўллашга қўймади.

Sofascore сайти баҳоларига кўра Мамардашвили ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилган – у 8,2 балл ишлаган. Винисиус эса – энг ёмони, у 6,1 баллга лойиқ кўрилган. Бразилиялик учун Манчестердаги каби яна бир муваффақиятсиз ўйин. Форвард ўйин давомида фақат бир марта, ноаниқ зарба берди ва фақат битта муҳим узатмани амалга оширди. Винисиус ўйин давомида рақибларни фақат икки бор алдаб ўта олди.

«Реал» мавсум якунида оқсашда давом этмоқда – энди Мадрид «Атлетико»дан бир очкога ортда. Қолган уч турда Анчелотти жамоаси «Райо Валекано» (уй), «Севилья» (сафар) ва «Атлетик» Билбао (уй) жамоалари билан ўйнайди. «Атлетико»да эса «Эспанол» (сафар), «Реал Соседад» (уй) ва «Вилярреал»га (сафар) қарши ўйинлар бор.

Италия: Неаполнинг янги севимли футболчиси

Наполи – Интер 3:1
Голлар:
1:0 – 67 Замбо-Ангисса, 1:1 – 82 Лукаку, 2:1 – 85 Ди Лоренцо, 3:1 – 90+4 Гаэтано.
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Ррахмани, Ким Мин Чжэ (Жезус, 74), Оливера, Лоботка, Зелиньски (Гаэтано, 83), Замбо-Ангисса, Элмаз (Распадори, 70), Кварацхелия (Политано, 83), Осимхен (Симеоне, 69).
Интер – Онана, Белланова (Думфрис, 74), де Врей, Д`Амброзио, Бастони (Ачерби, 58), Гозенс (Мартинес, 80), Гальярдини, Барелла (Брозович, 58), Аслани, Корреа (Димарко, 74), Лукаку.
Четлатиш: Гальярдини (41).

Чемпионлар, турнир мотивацияси йўқлигига қарамай, барибир Чемпионлар лигаси финалчиларига қарши ўйинда тўлиқ устунликка эга бўлишди. Қолаверса, Симоне Индзаги муҳим футболчиларидан бир гуруҳига дам беришга қарор қилганди. Биринчи бўлим охирида эса Галярдини иккита сариқ карточка олди ва «Интер» иккинчи бўлимда ўн киши бўлиб ўйнашига тўғри келди.

«Наполи»нинг босими вақт ўтган сайин кучайиб борди ва алалоқибат натижа келтирди, бу эса клуб ўз тарихида илк бор бир мавсумнинг ўзида А Сериянинг барча 19 жамоасини мағлуб этишини таъминлади. Кварацхелиянинг зарбасини Онана қайтарганди, Замбо-Ангисса эса дарвозабонни иложсиз ҳолатда қолдирди, ҳисоб очилганидан кейин воқеалар ривожи қизғин тус олди, мезбонларнинг ҳимоячилари диққат марказига чиқди. Аввалига улар Лукаку ҳисобни тенглаштиришига қўйиб беришди, аммо бир неча дақиқа ўтиб Ди Лоренцо ажойиб зарбаси билан тўпни дарвоза «тўққизлиги»га михлади.

Сўнгги дақиқалар эса Гаэтанонинг голи билан ёдда қолди. «Наполи» тарбияланувчиси ҳисобланган 23 ёшли футболчи Симеоненинг паси кўринишидаги совғани қабул қилиб, стадионни ларзага келтирди. У бунгача фақат В серияда, «Кремонезе»га ижарага берилганида гол урганди, шунинг учун янги даражадаги илк голи билан уни худди олтин тўп олганидек табриклашди. Стадион сухандони эса фанатларни кўп марта Гаэтано фамилиясини айтиб ҳайқиришга ундади.

Удинезе — Лацио 0:1
Гол: Иммобиле (61, пеналти).
Удинезе – Сильвестри, Мазина, Перес, Бийол, Удожи (Зегелар, 71), Перейра, Арслан (Несторовски, 71), Уолас, Ловрич, Самаржич (Товен, 87), Бету (Семеду, 87).
Лацио – Проведел, Романоли, Казале, Ҳюсай, Луис Альберто, Весино, Милинкович-Савич, Ладзари (Марушич, 75), Фелипе Андерсон (Педро, 46), Дзакканьи (Башич, 87), Иммобиле.
Огоҳлантиришлар: Андерсон (22), Удожи (39), Перейра (71), Бийол (90).

«Лацио» тарихидаги энг яхши тўпурар Иммобиле бу йил кўп гол урмаяпти, аммо Чиро керакли паллада ўзини кўрсатмоқда ва гол ва паслари сонини 200 талик нуқтага етказиб қўйди (162+38). Қаторасига иккинчи турда номини таблога ёздирган футболчи «Удинезе»га қарши сафар ўйинида пеналтини аниқ ижро этди, у бу голи билан нафақат «бургутлар» «Милан»дан тўрт очкога ўзиб кетишини, балки «Интер»дан учинчи ўринни тортиб олишини таъминлади. Агар «Ювентус» яна санкцияга учраса ва 12 очкоси олиб қўйилса, Чемпионлар лигаси йўлланмаси масаласи узил-кесил ҳал бўлади. Римликларнинг бу мавсумдаги муваффақияти сири — Маурицио Сарри томонидан тузилган мудофаа чизиғи бўлди. Якшанба кунги ўйиндан кейин «Лацио» уч очколик тизимга ўтилганидан буён бир турнирда камида 20 ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган тўртинчи жамоага айланди.

Германия: комплексларга қарши кураш

Бундеслига. 33-тур
Аугсбург – Боруссия Д 0:3 
Голлар:
0:1 – 58 Аллер, 0:2 – 84 Аллер, 0:3 – 90+3 Брандт
Аугсбург – Коубек, Педерсен (Чолина, 46), Гауэлеу, Удуоҳай, Вейга, Дорш, Режбечай (Кардона, 62), Энгелс, Демирович, Йебоа (Бауэр, 40), Белйо (Бериша, 61).
Боруссия Д – Кобел, Ҳуммелс, Зюле, Рюэрсон, Геррейру (Ройс, 80), Жан, Брандт, Волф, Мален, Аллер, Адейеми (Ўзжан, 72).
Қизил карточка: Феликс Удуоҳай (38).

Собиқ бош мураббийи Марко Розе бошқарувидаги «Лейпциг»дан ҳадя олган (шанба куни бу жамоа «Бавария»ни енгиб берди) «Боруссия» бу сафар имкониятни қўлдан чиқармаслиги керак эди. Жамоа ўтган ойларда асосий рақибининг йўқотишларидан фойдалана олмаган ва биринчи ўринни бой бериб қўйганди, шу туфайли бу ўйинда ўтган ҳар бир дақиқа жамоани янада кучли босим остида қолдира бошлади. 

Қолаверса, Коубек шу куни жуда кучли ўйин кўрсатди. Чехиялик посбон ҳимоячиларни алдаб ўтиб, ўзи билан яккама-якка вазиятга чиқиб келган Аллернинг бир неча метр масофадан туриб йўллаган зарбасини қайтарди. Яна бир вазиятда эса барчасини олдиндан ўқиб, жарима майдони ташқарисига чопиб чиқди ва оператив кенгликда ҳаракатланган Брандтнинг зарбасини бартараф этди. Унга яна бир вазиятда жарима зарбасидан кейин устун ёрдамга келди. Биринчи 45 дақиқаликда «Боруссия» кутилган голлар бўйича 2,47 xG натижасини қайд этди, таблода эса ноллар ўзгармай қолди. Аммо биринчи бўлим охирида Удуоҳайнинг «сўнгги умид фоли» учун қизил карточка олиши амалда мезбонларни мағлубиятга маҳкум қилди. 

Иккинчи бўлим бошида мезбонларни яна дарвоза устуни қутқарди ва барча дортмундликларда чемпионлик характери йўқлиги ҳақида гапиришга тушиб кетди. Аммо «Боруссия» сафида Аллер ўзини кўрсатди. Бир неча ой муқаддам онкологик касаллик устидан ғалаба қозонган форвард жамоани керакли пайтда қутқарди. У ҳимоячилар хатосидан кейин ҳисобни очди, ўйин охирларига бориб эса иккинчи голни уриб ўйин масаласини ҳал қилди. Яна бир қадам қолди — охирги турда «Майнц»га қарши ўйинда ғалаба қозонилса, мюнхенликлар ўйинида қандай ҳисоб қайд этилишидан қатъи назар, узоқ кутилган чемпионликка эришилади. 

Кун статистикаси

  • Элитада жон сақлаб қолган «Брест» лига 1 чемпионатида қаторасига 5-мавсумини ўтказади. Жамоа учун рекорд даражадаги қаторасига етти мавсум ўтган асрнинг 80-йилларига тўғри келади.
  • Хоакин («Бетис») ва Хесус Навас («Севиля») 23 тадан севиля дербисини ўз ҳисобларига ёзиб қўйишди — улар бу борада рекордчилар ҳисобланади.
  • «Лидс» АПЛда ўзи ҳисобни очган ўйинларда 25 очко йўқотди. Бу турнирдаги энг ёмон натижа.
  • «Фейеноорд» чемпионлик мавсумида сафар ўйинларида 42 очко жамғариб, ўз рекордини янгилади. Бундан ташқари, роттердамликлар қаторасига 31 ўйинда гол уришди, бу эса жамоанинг 1961 йилдан буён энг яхши натижаси ҳисобланади.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти