Жаҳон | 10:36 / 25.05.2023
7991
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Кремлга ҳужумга Киев алоқадор бўлиши мумкинлигини аниқлади

АҚШ разведкаси май ойи бошида Кремлга дронлар ҳужуми ортида ким турганини аниқ билмайди, бироқ Украина махсус хизматларининг иштироки ҳақидаги версияга мойил.

Фото: ТАСС

АҚШ махсус хизматлари дастлабки таҳлилларга асосланиб, май ойи бошида Кремлга учувчисиз учоқлар билан қилинган ҳужум ортида Украина турган бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда, деб ёзади The New York Times 24 май, чоршанба куни манбаларига таяниб.

АҚШ разведка агентликларига кўра, ҳужум Украина разведка идоралари томонидан амалга оширилган бўлиши мумкин, аммо АҚШ айнан қайси идора буни қилганини билмайди. Америка разведкаси Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ҳужум ҳақида билгани ёки билмагани ҳақида ҳам маълумотга эга эмас, деб ёзади NYT.

Нашрнинг ёзишича, АҚШнинг айрим расмийлари дастлаб ҳужум Россия расмийлари томонидан “сохта байроқ остидаги операция” сифатида амалга оширилган, деб ҳисоблаган. Россия расмийларининг тутиб олинган хабарларини ўргангач, АҚШ разведкаси Украина томони ҳужум қилгани бўйича версияга яқинлашди, дея маълум қилди NYT.

"Қўшма Штатлар Украина суҳбатларини ҳам эшитди, унда расмийлар бу ҳаракат ортида ўз мамлакати тургани ҳақида фикр билдирди. Аммо бу амалдорлар, афтидан, Украина тизимида айнан ким буни режалаштириши ва амалга ошириши мумкинлигини билмаган", - деб ёзади газета.

Мавзуга оид