Жаҳон | 17:20 / 29.05.2023
7894
2 дақиқада ўқилади

Испания бош вазири парламентни тарқатиб юборишга қарор қилди

Педро Санчес партияси минтақавий сайловларда консерваторларга мағлуб бўлганидан кейин парламентни тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото: Reuters

Испания бош вазири Педро Санчес 29 май, душанба куни парламентни тарқатиб юбориши ва 23 июл куни муддатидан олдин умумий сайловлар ўтказишини маълум қилди.

«Кечаги сайлов натижаларини кўрганимдан сўнг шундай қарорга келдим», — дея Санчес сўзларини келтирган Reuters. Испанияда 28 май куни бўлиб ўтган минтақавий ва муниципал сайловлар натижасида кўпчилик автоном жамоаларда Санчеснинг Испания социалистик ишчилар партияси асосий рақиби бўлган консерватив Халқ партияси ғалаба қозонди.

Испания социалистик ишчилар партияси 6,1 миллиондан сал кўпроқ ёки 28,18 фоиз овоз тўплади, 6,9 миллионга яқин ёки 31,47 фоиз сайловчилар консерватив Халқ партияси учун овоз берди. «Кечаги сайловлар маҳаллий ва минтақавий миқёсда бўлган бўлса-да, овоз беришнинг маъноси бу доирадан чиқиб кетадиган хабарни ўз ичига олади. Шу сабабли, бош вазир ва партия раҳбари сифатида мен натижаларни шахсан қабул қиламан», деди Санчес. Аввалроқ, Испанияда умумий сайловлар 2023 йил охирида ўтказилиши керак эди. 

Мавзуга оид