Жаҳон | 14:41 / 10.11.2025
1171
2 дақиқада ўқилади

Испания бош вазири мудофаа харажатларини оширишга қарши чиқди

Педро Санчес яна АҚШ президентининг мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача ошириш ғоясини танқид қилди. Унинг фикрича, Европанинг келажагида милитаризацияга эмас, балки бирдамлик ва халқаро ҳуқуққа амал қилишга таяниш керак.

Фото: Toby Melville/AFP/Getty Images

Испания бош вазири Педро Санчес НАТОга аъзо давлатлар мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизига етказиш таклифини кескин рад этди. Бу талабни АҚШ президенти Дональд Трамп илгари сурган эди. 9 ноябр куни El País газетасида чоп этилган интервюда ҳукумат раҳбари Европа 2035 йилга бориб “тўлиқ қуролланган” қитъа эмас, балки халқаро ҳуқуқ кафолатига айланиши учун иш олиб боришга чақирди.

“Ёшларга қандай дунё қолдиришни хоҳлаймиз? Европа мамлакатлари бюджетининг 5 фоизини мудофаага ажратадиган дунёми?” — деди Санчес. “Биз дипломатик саъй-ҳаракатларни амалга оширишимиз керак: 2035 йилда бизда тўлиқ қуролланган Европа эмас, балки бирлашган ва халқаро ҳуқуқни кафолатлайдиган Европа бўлиши лозим”, — дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, бош вазир ўзгараётган геосиёсий реалияларни инобатга олиш кераклигини тан олди. Шу сабаб Испания ҳозир мудофаа ва хавфсизлик харажатларини барибир оширишга мажбур. “Оппозиция 2014 йилдаги келишув — ЯИМнинг 2 фоизи миқдоридаги харажат мажбуриятини мен олмаганман, деб танқид қилади. Лекин мен бу мажбуриятни бажардим”, — деди Педро Санчес.

Сиёсатчининг сўзларича, Испания НАТО доирасида ишончли иттифоқчи бўлиб қолмоқда. Европа шарқида, жумладан, Болгария, Руминия, Литва ва Эстонияни ҳимоя қилиш мақсадида испан қуролли кучларини жойлаштириш “Испания Атлантика иттифоқи нуқтаи назаридан ҳам, имкониятлар нуқтаи назаридан ҳам ишончли мамлакат эканининг энг яхши исботидир”, деб таъкидлади Санчес.

Доналд Трамп билан муносабатлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бош вазир “идеологик ва сиёсий ихтилофларга” қарамай, Испания ва АҚШ “институтционал, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан энг яхши муносабатларга” эга бўлишини исташини айтди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид