Жаҳон | 14:34 / 29.05.2023
5978
2 дақиқада ўқилади

Сеул ва Токио Шимолий Кореяни сунъий йўлдош учирмасликка чақирди

Шимолий Кореянинг сунъий йўлдошни учириш режалари БМТнинг Пхенянга ракета учиришни тақиқловчи резолюциясини бузади, дея таъкидлади Япония ва Жанубий Корея расмийлари.

Фото: Ahn Young-joon/AP/picture alliance

Япония ва Жанубий Корея ҳукуматлари БМТнинг ракета синовларини тақиқлаганини сабаб сифатида келтириб, Шимолий Корея расмийларидан разведка сунъий йўлдошини учириш режаларидан воз кечишни талаб қилди. Бу ҳақда 29 май, душанба куни Reuters агентлиги хабар берди.

Япония бош вазири Фумио Кишида Шимолий Кореянинг ҳар қандай ракета учириши БМТ Хавфсизлик кенгашининг Шимолий Корея ядровий ва ракета фаолиятини қораловчи резолюцияларини жиддий бузиш ҳолати бўлишини таъкидлади. «У сунъий йўлдош деб аталса ҳам, уни баллистик ракета билан учириш БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузиш ва одамлар хавфсизлигига таҳдид солувчи жиддий муаммо бўлади», - деди Кишида. 

«Ҳукуматимиз минтақада тинчликка таҳдид солувчи провокацияларни содир этмаслик ҳақида қатъий огоҳлантиради ва ноқонуний учириш режасидан зудлик билан воз кечишга чақиради», — дейилади Жанубий Корея ТИВ хабарида. Сеул Қўшма Штатлар ва Япония ҳамда халқаро ҳамжамият билан ўзаро ҳамкорлик орқали «провокацияларга қатъий жавоб беради», дея қўшимча қилди идора. 

Япония қирғоқни қўриқлаш хизматининг AFP’га маълум қилишича, Шимолий Корея ҳукумати уларга ракета 31 майдан 11 июнгача учирилиши ва Сариқ денгизга тушиши кутилаётгани ҳақида хабар берган. 

Мавзуга оид