Жамият | 16:35 / 31.05.2023
19598
7 дақиқада ўқилади

Тез, қулай, тоифаланган нархлар — Берлин жамоат транспортлари ҳақида

Дунё мамлакатлари ичида бир неча жамоат транспортлари илк бор йўлга қўйилган шаҳарлардан бири Берлин ҳисобланади. Бугунги кунда Германия ҳукумати томонидан эътибор қаратиладиган, йўловчилар манзилларига арзон, қулай ва тез етиб олишлари учун кенг фойдаланадиган восита ҳам айнан жамоат транспортларидир. Германияда бўлиб қайтган Kun.uz мухбири мамлакат пойтахтида йўлга қўйилган йўловчи ташиш тизими, қулайликлар ва нархлар билан қизиқди.

2013 йилда берлинликлар ва шаҳар меҳмонларининг 27 фоизи умумий шаҳар транспортлари орқали ҳаракатланган бўлса, бугунга келиб, жамоат транспортларидан фойдаланувчилар, велосипедчилар ва пиёдалар йўл ҳаракати иштирокчиларининг 70 фоизини ташкил қилмоқда. Ҳозирда шаҳарда автобус, трамвай, ерости метроси, ерусти электр поезди ва шаҳар ташқарисига олиб чиқувчи электропоездлар йўловчилар учун хизмат қилади.

Агар шаҳар транспорт инфратузилмаси тўсатдан ишламай қолса, йўловчиларни ташиш учун камида қўшимча 1 млн шахсий автомобиль талаб қилинади. Шу сабабли Берлинда тобора ортиб бораётган шахсий транспортлар сонини камайтириш ва жамоат транспортларига устунлик бериш мақсад қилинган.

Пойтахт транспорт инфратузилмасига мунтазам сармоя киритилиб, шаҳар жамоат транспортидан фойдаланиш учун арзон нархларни сақлаш, унинг фойдасиз йўналишлари ишлашини таъминлаш ва ҳаракат таркибини ўз вақтида янгилаш учун ҳар йили шаҳар ва федерал бюджетдан деярли 600 миллион евро сарфланади.

2018 йилги маълумотларга кўра, Берлин шаҳридаги жамоат транспортлари йўлларининг умумий узунлиги 5400 кмни ташкил қилган. Тасаввур қилиш учун Тошкентдан Берлингача бўлган автомобил йўллари узунлиги 5132 км.  

Чипталар ягона тўлов тизими орқали интеграция қилиниб, барча жамоат транспортлари учун амал қилади ва ҳар бир чипта турли тоифаларига кўра сотилади. Берлинда 3 та белбоғли айланма йўллар бўлиб (A – кичик ҳалқа йўли, B – ўрта ҳалқа йўли, C – ташқи ҳалқа йўли), йўл ҳақи нархлари ҳам шу ҳалқа йўлларига нисбатан тарифланади.

Чипта нархлари

Бир марталик чипталар:

•        AB ҳалқалар ичида – 3,20 евро;

•        BC ҳалқалар ичида – 3,80 евро;

•        ABC ҳалқалар ичида – 4,00 евро.

Қисқа вақтли чипталар учун 2,20 евро нарх белгиланган бўлиб, улар:

•        автобуслар учун 6 та бекатга;

•        трамвайлар учун 6 та бекатга;

•        ерости ва ерусти поездлар учун 3 та бекат учун амал қилади.

24 соатлик чипталар:

•        AB ҳалқалар ичида – 9,50 евро;

•        BC ҳалқалар ичида – 9,90 евро;

•        ABC ҳалқалар ичида – 10,70 евро.

Шунингдек, ойлик ва йиллик чипталар:

•        AB ҳалқалар ичида – 91 евро (йиллик 774 евро);

•        BC ҳалқалар ичида – 93 евро (йиллик 858 евро);

•        ABC ҳалқалар ичида – 114 евро (йиллик 1038 евро).

Бундан ташқари кунлик иш вақтларига мос бўлган алоҳида ойлик ва йиллик тарифлар ҳам ишлаб чиқилган.

Метрополитен

Бугун 9 та линияда кунлик миллионлаб йўловчига хизмат кўрсатувчи Берлин метроси 1902 йилдан ишлай бошлаган. У ўз фаолияти бошланганидан то ҳозирги кунгача энг кўп йўловчи ташийдиган тезкор ва ишончли шаҳар транспорти турларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шаҳар автобуси

Икки асрлик тарихга эга бўлган Берлин автобуслари эса ҳозирда шаҳардаги умумий йўловчиларнинг тўртдан биридан кўпроғини ташийди. Дунёда биринчилардан бўлиб 1825 йил 20 майда Бранденбург дарвозаси ва Шарлоттенбург саройи ўртасида йўлга қўйилган омнибуслар бугунги замонавий автобусларнинг илк авлодларидан саналади.

Берлиндаги йўловчилар шаҳар автобусларига исталган эшикдан чиқишлари мумкин. Фақатгина чиптаси бўлмаганлар автобус ҳайдовчисидан чипта харид қилиш учун олд эшикдан чиқишади ва харидни амалга оширишади. Оралиқ вақтлари жуда қисқа, узоғи 4-5 дақиқани ташкил этгани боис автобуслар ичида тиқилинчлар камдан кам ҳолатлардагина кузатилиши мумкин.

Трамвай

Берлин трамвайи ҳам дунёдаги энг қадимгилардан саналади. Тарихга назарга ташласак, илк электр трамвай 1881 йил 16 май куни Берлинда ҳаракатлана бошлаган. Бугунги кунда ҳам трамвайларга экологик тоза жамоат транспорти сифатида шаҳар транспорт инфратузилмасининг ажралмас қисми деб қаралади.

Фото: Wikipedia

Ерусти электр поезди

Шаҳардаги барча темирйўл транспортларининг энг узун тармоғига эга бўлган Берлин поездлари одатда исталган ҳудудга тиқилинчсиз, кам трансфер ва вақт билан етиб олишнинг энг яхши воситаси ҳисобланади. Германиянинг бугунги пойтахтида электропоездлар 1924 йилнинг 24 августидан, яъни қарийб 100 йилдан бери ҳаракатланади. Шунингдек, зарарли моддалар чиқиндиларини камайтириш дастури доирасида йўловчи ташишнинг умумий таркибида шаҳар поездларининг улушини янада ошириш мақсад қилинган.

Берлин транспорт инфратузилмасида ижтимоий қатлам учун ҳам қулайликлар ҳисобга олинган. Деярли ҳар ўнинчи берлинликнинг юқори даражада ногиронлиги бор. Шунингдек, шаҳар аҳолисининг учдан биридан кўпроғи у ёки бу тарзда жисмоний имконияти чекланганлардир (бунга, масалан, кексалар, ҳомиладор аёллар, ёш болали аёллар киради). Транспортлар ва йўллар кексалар, ногиронлар, ҳомиладор аёллар, ёш болали йўловчилар ва велосипеддагилар учун ҳам қулай қилиб мослаштирилган. Бу тоифадаги йўловчилар шаҳарнинг исталган нуқтасига бировларнинг ёрдамисиз етиб боришлари мумкин. Бунда уларга қулай йўллар ва ҳатто жамоат транспортларида белгилар билан ажратилган махсус жойлар кўмакчи бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, ўзининг икки асрлик тарихи мобайнида Берлин жамоат транспорти аҳоли учун энг қулай, арзон, хавфсиз ва тезкор транспорт сифатида ишонч қозона олган. Бир-бирига ўтиб олиш учун ҳам транспортлар интеграцияси шу қадар осон йўлган қўйилганки, тил билмасдан ҳам шаҳарнинг исталган манзилини бемалол топиб бориш мумкин.

Сардорбек Усмоний
Германия, Берлин

Мавзуга оид