12:21 / 03.06.2023
11643

Германия ҲҲК собиқ офицерлари Хитойда инструктор бўлиб ишлаяпти

ZDF ва Der Spiegel маълумотларига кўра, Бундесвернинг собиқ учувчилари хитойлик учувчиларни ўқитяпти, ҳужум сценарийларини ишлаб чиқяпти ва бунинг учун концернларнинг топ-менежерлари даражасида маош оляпти.

Фото: AP

Германиянинг ZDF телеканали ва ҳафталик Der Spiegel нашри томонидан олиб борилган суриштирув натижаларига кўра, Германия қуролли кучларининг (Бундесвер) собиқ зобитлари кўп йиллар давомида Хитойда қирувчи учувчиларни тайёрлаб келяпти. Нашрлар веб-сайтида 2 июнь, жума куни эълон қилинган материалларга кўра, улар ўтказаётган машғулотлар давомида бошқа нарсалар қатори ҳужум сценарийларини ҳам ишлаб чиқяпти. 
 
Der Spiegel нашрига кўра, Германия хавфсизлик идоралари собиқ аскарлар хитойликлар билан турли ҳужум вариантларини, жумладан, Тайванга ҳужум қилиш имкониятларини ишлаб чиқишлари мумкин деб ҳисоблайди. Немис ҳарбий учувчиларини ёллаш орқали ХХР раҳбарияти Ғарб қирувчиларининг заиф томонларини аниқлашга интилмоқда, дея қайд этади нашрлар. 

Шу билан бирга, икки собиқ немис ҳарбийси нафақага чиққунга қадар Eurofighter кўп мақсадли қирувчи самолётларининг учувчиларини ўқитган, яна бир немис илгари Tornado жанговар самолётининг учувчиси бўлган. ZDF маълумотларига кўра, улардан камида биттаси Хитой шимоли-шарқидаги Цицикар шаҳрида яшаган ва ишлаган. 

Бундесвердаги қирувчилар учувчилари одатда 41 ёшда нафақага чиқишади, бу ёшда рефлекслар ва кўриш заифлаша бошлайди, уларнинг кўпчилиги кейин бошқа фаолиятга ўтади. ZDF маълумотларига кўра, Хитойдаги собиқ немис офицерлари инструктор сифатида ишлаганликлари учун «кўп ҳолларда Сейшел оролларидаги сохта компаниялари орқали» катта миқдорда маош олишган. Der Spiegel нашрининг ёзишича, зобитлардан бири йилига бир неча юз минг евро ишлаб топган. Булар «фақат профессионал спортчилар ёки концернларнинг топ-менежерлари томонидан олинадиган маошлар», дейилади маълумотда. 

Top