07:35 / 06.06.2023
9047

Европа Иттифоқи Украина ғалласи импортига чекловларни узайтирди

Европа Иттифоқининг бешта давлатига Украина ғалласини импорт қилиш бўйича чекловлар 15 сентябргача амал қилади. Кейин Брюссел уларни бекор қилишга ваъда берди.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи ЕИга аъзо бешта давлат учун Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини олиб киришни вақтинчалик тақиқлашни 15 сентябргача узайтирди. Бу ҳақда 5 июн, душанба куни Еврокомиссия сайтида эълон қилинган хабарда айтилади.

2 май куни Брюссел Украинадан Болгария, Венгрия, Полша, Руминия ва Словакияга буғдой, маккажўхори ҳамда кунгабоқар уруғларини олиб киришни вақтинчалик тақиқлаб қўйган эди. Европа Иттифоқи 15 сентябргача барча чекловларни олиб ташлаш ниятида эканлигини эълон қилди, аммо энди улар "алоҳида ҳолатлар", жумладан, логистика қийинчиликлари ва сақлаш ҳажмининг етишмаслиги туфайли талаб қилинади.

Шу билан бирга, чора-тадбирлар “Европа Иттифоқининг Украинани қўллаб-қувватлаш ва дунёни озиқ-овқат билан таъминлаш учун муҳим бўлган ўз ғалласини экспорт қилиш қобилиятини сақлаб қолиш бўйича қатъий мажбуриятига мос келади”, дейилади Брюссел баёнотида.

Узоқ вақт давомида Қора денгиз портлари орқали дон экспорт қилиш имкониятидан маҳрум бўлган украиналик фермерлар Европа Иттифоқи чекловларини ўта танқидий қабул қилди ва уларни бекор қилишни сўрамоқда.

Top