18:59 / 07.06.2023
15752

“Куч ишлатган ходимларни қатъий жазолашга чақирамиз” – Омбудсман

Бўкадаги ҳолат юзасидан баёнот берган Омбудсман қийноқлар "инсоннинг фундаментал ҳуқуқларини бузиши ҳамда шахс сифатида йўқ қилишга қаратилган хатти-ҳаракат" сифатида баҳоланишини билдирган. Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили жамият танасида касаллик бўлган – қийноқларни даволаш учун аввало шаффофлик таъминланиши кераклигини таъкидлаган.

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман Бўка туманида содир бўлган ҳолат тергов жараёнларида ҳануз қийноқлар қўлланаётганини тасдиқлашини таъкидлаган. Шу билан бирга, ташкилот баёнотида фуқаро вафот этиши билан, экспертиза натижаларига кўра жиноят иши қўзғатилиб, алоқадор ходимлар ҳибсга олингани ижобий баҳоланган.

“Аслида биз ҳуқуқларимиз ҳимоячиси сифатида биладиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари орасида Бўкадаги ҳолат мисолида қонунга хилоф иш кўрувчи ходимлар борлиги жуда ачинарли. Тизимда ишловчи барча ходимлар шундай деган фикрдан йироқмиз, сўнгги йилларда қийноққа қарши курашиш борасидаги ислоҳотларни эътироф этишимиз лозим. Лекин давлат сиёсатига қарши туриб, ўз хизмат фаолиятида руҳий ва жисмоний қийноққа йўл қўяётган “ходимлар” бор экан, фуқароларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан ишончсизлик юзага келади”, — дейилади баёнотда.

Шунингдек, омбудсман жамият танасидаги касаллик бўлган қийноқларни даволаш учун аввало шаффофлик таъминланиши кераклигини таъкидлаган: Айнан шаффофлик — қийноқларнинг барвақт олдини олишнинг таъсирчан воситаларидан бири.

“Тўғри, қийноқ кўплаб ривожланган давлатларнинг ҳам глобал муаммоларидан биридир. Қийноқ инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари бузилиши ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, қийноқ инсонга узоқ муддатли психологик таъсирга эга бўлган, шахс сифатида йўқ қилишга қаратилган хатти-ҳаракат сифатида баҳоланади. Инсон қадри тамойили устувор бўлган Ўзбекистон қийноққа қарши курашиш бўйича ўзининг мустаҳкам ва кескин позициясига эга. Сўнгги йилларда қийноқ ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан жазо чоралари оғирлаштирилиб, ҳаттоки, уларга нисбатан афв қўлланмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Қолаверса, мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш мақсадида қонунчиликка алоҳида модда киритилган ва қийноқни қўллаган шахсга нисбатан оғирлаштирувчи нормалар қўлланиши белгиланган. Жиноят кодексининг 235-моддаси қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш учун жиноий жавобгарликни назарда тутади”.

Олий Мажлис вакили, шунингдек ижтимоий тармоқларда тарқалган қийноқ қўлланганига оид хабарлар жойига чиқиб ўрганилаётгани, қийноқ аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда иш кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилаётганини таъкидлаган.

“Бўкадаги ҳолат ҳам Омбудсман назоратида бўлади. Гумонланувчи ёки айбланувчилар суриштирув ва тергов жараёнида калтакланиб, вафот этиши мумкин эмас. Куч ишлатиш услубидан фойдаланган ходимларни аниқлаш ва уларга қатъий чора кўриш, тизимдаги ходимлар малакаси ва фаолиятини бирма-бир таҳлил қилиш, зўравонлар ва сусткашлардан воз кечиш керак. Зеро, бугунги давлат сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган. Шу нуқтайи назардан бу борадаги қадамлар изчил бўлиши лозим. Биз айбдор шахсларни қатъий жазога тортишга чақирамиз”, — дейилади Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили расмий баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 май куни ўзини Чилонзор туман ИИБ биноси 4-қаватидан ташлаб юборгани айтилаётган 21 ёшли йигит вафот этди. 4 июн куни эса Бўка тумани ИИБ тезкор ходимлари 36 ёшли йигитни қийнаб ўлдиришгани маълум бўлди. Расмийлар Чилонзор ИИБда вафот этган йигитнинг ўзини айблаётган бўлса, Бўка туманидаги фожиада тезкор ходимларнинг қўли борлиги тан олинди.

Top