Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пичоқланган эркак ва бўғиб ўлдирилган аёл. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида нималарни учратиш мумкин?
Бош прокуратура академияси негизида ташкил этилган Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида ўтказилган очиқ эшиклар кунида мактаб ва касб-ҳунар билим юртлари ўқувчилари тергов эксперименти учун ташкил этилган махсус хоналар ҳамда жиҳозлар билан танишди.
2024 йил 15 феврал куни тергов ва прокуратура соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими билан ўқувчиларни яқиндан таништириш мақсадида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида очиқ эшиклар куни ташкил қилинди.
Экскурсия доирасида академияда Тошкент шаҳри мактаблари ва юридик техникум битирувчилари, ИИВ ҳузуридаги Тошкент шаҳри ва вилояти академик лицейлари ўқувчилари, академия талабаларининг ота-оналари, шунингдек ОАВ вакиллари тўпланди. Меҳмонларга ўқув дастурлари, фаолият йўналишлари, талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, академиянинг махсус полигонида тергов-криминалистика тактикалари ва методикаларини амалий қўллаш имитацияси, воқеа жойини кўздан кечириш ва жиноятни очишга оид қизиқарли квест мусобақалари ўтказилди. Меҳмонлар суд имитацияси хонаси, экспертиза лабораторияси билан ҳам танишишди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Президентнинг 2022 йил 28 ноябрдаги “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан Бош прокуратура Академияси негизида ташкил этилган. Ушбу ўқув даргоҳи ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Муассасада ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида икки босқичли тизим, яъни бакалавриат ҳамда магистратура босқичларида кадрлар тайёрланади, шунингдек, прокуратура органлари ходимлари, ваколатли давлат органларининг суриштирув ва тергов тузилмалари ходимларининг малакаси оширилади ҳамда қайта тайёрланади. Таълим даргоҳи 3 та факултет, 5 та марказ, 15 та бўлим, 13 та кафедрадан иборат.
Академияда республика миқёсида биринчи бўлиб ташкил қилинган Dark web киберлабораторияси, шунингдек, мобил криминалистик автолабораториядан фойдаланиш ва тергов жараёнларида полиграф (детектор) технологияларини қўллаш имконияти ҳам мавжуд.
Диёрахон Набижонова тайёрлади.
Оператор ҳамда монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов
Мавзуга оид
09:30 / 09.06.2026
Бухородаги тергов ҳибсхонаси ходимларига нисбатан текширув ҳаракатлари бошланди
21:10 / 04.04.2026
ФВВ академияси ҳузурида қутқарувчилар тайёрлаш техникуми ташкил этилади
10:23 / 14.03.2026
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси ташкил этилади
12:00 / 05.11.2025