15:15 / 07.06.2023
14993

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган болалар саломатлиги ойлиги бошланди

Акция 7 июлга қадар давом этади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ўзбекистон президенти ташаббуси билан жорий йил мамлакат бўйлаб туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган 2 минг нафар бемор болада бепул юқори технологик операциялар ўтказилмоқда.

Бунинг учун давлат томонидан 64 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 18 ёшгача бўлган фарзандларида навбатсиз, имтиёзли йўлланмасиз, энг малакали шифокорлар томонидан жарроҳлик амалиётлари бажариляпти.

ССВ матбуот хизмати хабар беришича, мазкур эзгу ташаббуснинг давоми сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатда илк бор «Диспансер назоратида турган ҳамда ногиронлиги бўлган болалар саломатлиги ойлиги» бошланди.

Шу йил 7 июндан 7 июлга қадар бўлиб ўтадиган мазкур акция давомида сурункали ва оғир хасталикларга чалиниб, тиббий ёрдамга муҳтож бўлган бемор ўғил-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилади.

«Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктларининг патронаж ва амалиёт ҳамширалари томонидан ўз участкасидаги диспансер назоратида турган ҳамда ногиронлиги бўлган болалар базаси шакллантирилади. Шундан сўнг махсус тиббий бригадалар томонидан чуқурлаштирилган текширувлар ўтказилади», дейди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова.

Хусусан:

  • кўп тармоқли марказий поликлиникалар мутахассислари жалб қилинган ҳолда оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктларида тиббий кўриклар ташкил этилади;
  • хонадонларда тиббий-диагностика муолажалари амалга оширилади;
  • зарурат бўлганда КТМПда текширувлар ўтказилади.

Шунингдек, тиббий кўрикларга Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларининг энг малакали мутахассислари жалб этилади.

Текширувларда аниқланган касалликлар бўйича ҳар бир бола саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилиб, улар учун алоҳида соғломлаштириш режаси тузилади.

Унга кўра:

  • бемор болаларнинг бир гуруҳи уй шароитида;
  • бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор ҳолатда;
  • стационар ёрдамга муҳтож беморлар туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади.

Бундан ташқари, юқори технологик тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор болаларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.

Top